Жорий йилнинг 12-14-март кунлари Боку шаҳрида Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ томонидан ташкил этилган XIII Глобал Боку форуми бўлиб ўтди. Унинг ишида 400 га яқин хорижий вакиллар, жумладан, собиқ ва амалдаги давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар аъзолари, экспертлар иштирок этди.
Форум «Бўлинган дунёда кўприклар қуриш» шиори остида бўлиб ўтди ва халқаро тизим трансформациясининг асосий тенденциялари, кўп томонламалик инқирози, глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.
Тадбирнинг асосий иштирокчилари орасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Албания Президенти Б.Бегай, Черногория Президенти Я.Милатович, Тимор-Лешти Демократик Республикаси Президенти Ж.Р.Орта, шунингдек, БМТ Бош котибининг ўринбосарлари М.А.Моратинос ва А.Россбах, ЮНКТАД Бош котиби Р.Гринспан, ЖССТ Бош директори Т.А.Гебрейесус ва бошқалар бор.
«Хитой ва глобал бошқарув ташаббуси» сессиясидаги нутқи доирасида Элдор Арипов глобал бошқарув тизимининг инқирози тобора чуқурлашиб бораётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, мавжуд халқаро механизмлар кўпинча дунёнинг йетакчи давлатлари ўртасида келишилган қарорларни ишлаб чиқишни таъминлашга қодир эмас.
Шундай шароитда, дея таъкидлади СМТИ директори, халқаро ҳамжамият амалда жаҳон тизимининг келгуси ривожланиш йўлини танлаш борасида жиддий танлов қаршисида турибди. «Ёки кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмларини тиклашга эришилади, ёки жаҳон тартиби кучлар мувозанати ва стратегик тийиб туриш мантиғи асосида шаклланади — бу тенденцияларни биз бугун дунёнинг кўплаб минтақалари мисолида аллақачон кузатмоқдамиз», — деди у.
Шу нуқтаи назардан, конструктив мулоқот ва мурosa йўлларини излаш имкониятларини қўлдан бой бермаслик айниқса муҳимдир, дея қайд этди Элдор Арипов.
Ўзбекистонлик эксперт фикрича, Пекин томонидан таклиф этилаётган ташаббуслар жаҳон тизимининг келажаги ҳақидаги халқаро мунозарани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади. Мазкур масалаларнинг мазмунли муҳокамаси кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга, шунингдек, ҳозирги замоннинг асосий глобал муаммоларига нисбатан мувозанатли ечимларни топишга хизмат қилиши мумкин.
Институт директори Хитой жаҳон тартибига шунчаки муқобил қарашни эмас, балки бошқарувнинг ўзга фалсафасини таклиф этаётганини таъкидлади. «Пекин универсал тамойиллар ҳақида сўз юритмоқда. Унга кўра, кичик давлатларнинг овози йирик давлатлар овози билан тенг аҳамият касб этиши, халқаро ҳуқуқ эса икки хил стандартларсиз қўлланилиши лозим», — деди у.
Хусусан, 2025-йил якунларига кўра, Хитой билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми 100 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, иқтисодий ҳамкорликнинг фаоллашуви инвестициявий ҳамкорликнинг барқарор ўсиши билан ҳам кечмоқда. Унинг қайд этишича, сўнгги ўн йил ичида минтақа давлатларидаги Хитойнинг тўғридан тўғри инвестициялари ҳажми икки баравардан ортиқqa ошиб, қарийб 40 миллиард долларга йетган.
Э.Арипов ўзаро ҳамкорликнинг янги институционал архитектурасини шакллантиришга ҳам эътибор қаратди. Агар илгари Хитой билан ҳамкорлик асосан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалга оширилган бўлса, бугунги кунда доимий котибиятни таъсис этган ҳолда «Марказий Осиё — Хитой» алоҳида формати шакллантирилди.
Институт директорининг фикрича, Марказий Осиёнинг Хитой билан ҳамкорлигининг муҳим йўналиши инфратузилма ва транспорт боғлиқлигини ривожлантиришдир. Мисол тариқасида у Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Грузия, Туркия ва ундан кейин Европа бозорлари билан боғлайдиган Ўрта корридор билан боғлаш учун катта салоҳиятга эга.
Элдор Арипов таъкидлаганидек, «Хитой иштирокида яратилаётган инфратузилма минтақанинг кенгроқ трансконтинентал тармоқларга интеграциялашувига ёрдам беради ва уни кўплаб ҳамкорлар, жумладан, халқаро инвесторлар, логистика операторлари ва молия институтлари учун очади.»
«Бундай боғлиқлик янги имкониятлар яратади, имкониятлар эса, ўз навбатида, стратегик автономияни мустаҳкамлайди,» — деди Институт директори.
Шу билан бирга, Э.Арипованинг таъкидлашича, ушбу моделнинг узоқ муддатли муваффақияти кўп жиҳатдан лойиҳаларнинг шаффофлиги, уларнинг бошқа халқаро институтлар билан мувофиқлиги ва миллий ривожланиш стратегияларининг ҳурмат қилинишига боғлиқ.
Хулоса ўрнида, СМТИ директори ҳамкорликнинг табиати ва Хитойнинг Марказий Осиёдаги ўсиб бораётган роли глобал бошқарув тизимининг янада плюралистик ва ўзаро боғлиқ бўлиб бораётган кенгроқ трансформациясини акс эттиришини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.