11 март куни бўлиб ўтган «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамли ва интеллектуал технологиялардан фойдаланиш» мавзусидаги қўшимча тадбирни Хитой, Малайзия ва Миср, шунингдек UN Women ҳамда ЮНФПА ҳамкорликда ташкил этди.
Тадбирда бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Жумладан, Хитой делегацияси раҳбари Линь И, Малайзиянинг БМТдаги доимий вакили Ахмад Файсал Мухамад ва Африка хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш альянси раҳбари Амани Асфур табрик сўзлари билан чиқиш қилди.
Шунингдек, тадбирда UN Women ижроия директори Сима Бахус ва ЮНФПА ижроия директори Диене Кейта иштирок этди.
Асосий сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директор ўринбосари Дилноза Муратова маъруза қилди. У ўз чиқишида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли трансформация шароитида уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, мамлакатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, аёлларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларнинг инновация ва технологиялар соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек рақамли зўравонлик ва камситиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган комплекс давлат сиёсати амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон вакили рақамли даврдаги алгоритмик гендер тарафкашлиги, рақамли тенгсизлик ва интернет маконидаги зўравонлик каби муаммоларга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, хотин-қизлар ва қизларнинг адолатга мурожаат қилиш имкониятларини таъминлаш учун самарали ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар сунъий интеллект, катта маълумотлар ва бошқа рақамли ечимлардан фойдаланиб хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича халқаро тажрибалар билан ўртоқлашди.
Тадбирда Ўзбекистон томонининг иштироки мамлакатнинг гендер тенгликни илгари суриш ва хотин-қизлар ҳамда қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.