Давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамлари муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, икки мамлакат қардош халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар савдо айланмасининг барқарор ўсиб бораётганини, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳалар илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият ҳам муҳокама қилинди. Унинг янада кескинлашуви кенг ҳудуд учун кутилмаган оқибатларга ва жаҳон иқтисодиётида рецессияга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Зўравонликни фақат сиёсий-дипломатик йўллар билан тез фурсатда пасайтириш зарурлиги қайд этилди.
Суҳбат давомида яқинлашиб келаётган икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар жадвали ҳам кўриб чиқилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.