Ўзбекистон кекса аёллар ҳуқуқлари бўйича ўз тажрибасини халқаро майдонда тақдим этди

Ўзбекистон кекса аёллар ҳуқуқлари бўйича ўз тажрибасини халқаро майдонда тақдим этди


Ўзбекистон делегацияси БМТнинг юқори даражадаги вазирлар иштирокидаги «Кекса аёлларнинг гендер тенглигига эришиш ва ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш» мавзусидаги «давра суҳбати»да фаол иштирок этди. Ушбу тадбир март ойида Женева шаҳрида бўлиб ўтди.

Делегация таркибига Олий Мажлис Сенати аъзоси, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи Гулнара Маруфова, Олий суд раиси ўринбосари Малика Каландарова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг ўринбосари Дилноза Муратова кирди.

Тадбир кекса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатли ижтимоий-ҳуқуқий сиёсатларни илгари суриш бўйича глобал ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлди.

Муҳокамалар давомида ёши катта аёллар дуч келаётган асосий муаммолар — ёш бўйича камситиш, тиббий хизматлар, ижтимоий хизматлар ва адолатга кириш имкониятларининг чеклангани муҳокама қилинди. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва пенсия таъминоти дастурларига гендерга ҳассос ёндашувни жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

«Давра суҳбати»да Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари М. Нурматова маъруза билан чиқиш қилиб, мамлакатда кекса аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. У Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш, муносиб пенсия таъминотини таъминлаш ва ёши катта аёлларнинг жамият ҳамда иқтисодий ҳаётда иштирокини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси кекса аёллар учун мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган миллий амалиёт ва ташаббуслар билан ўртоқлашди ҳамда халқаро тажрибаларни ўрганди.

Мазкур тадбирда иштирок этиш Ўзбекистоннинг барча ёшдаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс сиёсат юритишга содиқлигини, кекса аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлашга интилишини, шунингдек халқаро тажриба ва илғор амалиётлар алмашинувини қўллаб-қувватлашини намоён этади.

Вазирлар даражасидаги учрашув кекса аёллар ҳуқуқларини таъминлаш нафақат ижтимоий адолат масаласи, балки барқарор ривожланиш ва жамият фаровонлигини таъминлашнинг муҳим стратегик омили эканини яна бир бор тасдиқлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.