Акрамжон Неъматов: Ўзбекистон транспорт алоқаларининг барқарор архитектурасини шакллантирмоқда

Акрамжон Неъматов: Ўзбекистон транспорт алоқаларининг барқарор архитектурасини шакллантирмоқда


Термиз шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон – Россия: Евроосиё маконида стратегик шериклик» халқаро конференциясида сўзга чиққан ва «Шимол ва Жанубни боғлаш: транспорт, логистика, инфратузилма» сессиясини модерация қилган ИСМИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Россия ва Ўзбекистон учун стратегик устувор йўналиш замонавий технологик ечимларга асосланган ривожланган транспорт тизими ва халқаро савдонинг мослашувчан инфратузилмасини шакллантириш эканини таъкидлади.

Бу транспорт-логистика тизимлари самарадорлигини оширишда ҳамкорликни чуқурлаштириш, трансчегаравий коридорларни яратиш ва улар атрофида савдо-саноат кластерларини шакллантириш, шунингдек рақамли ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни назарда тутади.

Бунда асосий вазифа — ташқи турбулентликка чидамли бўлган яхлит ишлаб чиқариш-технологик маконни шакллантиришдир.

Ўзбекистон транспорт коридорларини диверсификация қилиш, мультимодал йўналишларни ривожлантириш ва Жанубий Осиё томон қисқароқ маршрутларни яратишни изчил илгари сурмоқда. Мамлакат ҳамкорларга мавжуд йўналишларга муқобил эмас, балки хавфларни камайтириш ва логистика занжирларининг узлуксизлигини таъминлаш имконини берувчи қўшимча вариантларни таклиф этмоқда.

Ўзбекистон ўзини ички бозори кенгайиб бораётган ва ишлаб чиқариш-технологик салоҳияти шаклланаётган стратегик тугун сифатида намоён этмоқда. Комплекс транспорт-логистика экотизимини ривожлантириш орқали мамлакат жанубий йўналишдаги истиқболли бозорларга иқтисодий жиҳатдан самарали чиқиш имкониятларини яратади.

Эксперт таъкидлашича, 2025 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тўсиқларни бартараф этиш, ташиш муддатларини қисқартириш, логистика хизматлари бозорини ва 3PL даражасидаги операторларни ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва уни халқаро тизимлар билан интеграция қилган ҳолда рақамлаштиришни назарда тутади.

Натижада юкларга логистик хизмат кўрсатиш ҳажмини уч бараварга ошириш, халқаро ташишлар ва логистика хизматлари экспортини икки бараварга кўпайтириш, транзитни 22 миллион тоннага етказиш, шу билан бирга мамлакатнинг глобал рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш кутилмоқда.

Рақамли ечимларни жорий этиш ташиш жараёнларининг шаффофлигини ошириш, қўшимча қиймат яратиш, саноат кооперациясини рағбатлантириш ва транспорт коридорлари бўйлаб янги ўсиш нуқталарини шакллантириш имконини беради.

Ушбу архитектурада Термиз тугунига «жанубий дарвоза» сифатида муҳим ўрин ажратилган бўлиб, у Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи бўғин сифатида Ҳинд океани портларига энг қисқа чиқишни таъминлайди.

Хулоса қилиб, Акрамжон Неъматов кўп вариантли ва юқори технологияли транспорт тармоғини шакллантириш минтақавий барқарорлик ва Евроосиё маконида рақобатбардошликни таъминлашнинг стратегик шарти эканини таъкидлади. Бу вазифани амалга ошириш доирасида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиш модели мамлакатни ушбу кенг ҳудудда юкларни тақсимлаш бўйича асосий марказлардан бирига айлантиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, ИСМИ ва «Валдай» халқаро мунозара клуби томонидан ташкил этилган Ўзбекистон – Россия конференциясида Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, «Валдай» клуби фонди кенгаши раиси Андрей Быстрицкий, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Россия ва Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари Алексей Ерхов ва Батир Асадов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Косимов ҳамда икки мамлакат эксперт-таҳлилий доиралари вакиллари иштирок этди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.