Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида сўнгги йилларда мамлакатда автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Шу билан бирга, амалдаги қонун замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермаётгани таъкидланди.
Муҳокамаларда қонунда автомобиль йўллари соҳасида амал қилиниши лозим бўлган асосий принциплар аниқ белгилаб қўйилгани айтиб ўтилди. Хусусан, йўллар илмий ҳисоб-китоблар асосида лойиҳаланиши, қабул қилинаётган қарорлар ошкора ва шаффоф бўлиши, энг муҳими, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳар бир фуқаро учун автомобиль йўлларидан тенг ва қулай фойдаланиш имконияти яратилиши назарда тутилган. Қонундаги муҳим янгиликлардан бири — автомобиль йўлларининг белгиланган тартибда бепул ёки пулли бўлиши мумкинлигидир.
Мазкур қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Янги таҳрирда йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, йўлларда сунъий тўсиқлар ва ноқонуний нотекисликлар яратиш тақиқланади, оғир ва йирик ўлчамли транспорт воситаларининг ҳаракати эса фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши белгиланган.
Қонун, шунингдек, пулли йўлларни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш, тўловларни автоматлаштирилган тарзда ундириш ҳамда йўлдан фойдаланувчилар билан операторлар ўртасидаги давлат шартномаларини тартибга солади. Сўзга чиққан сенаторлар ушбу қонун нормалари автомобиль йўлларини асраш, йўл-транспорт ҳодисаларини қисқартириш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Сенаторлар фикрича, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, ҳаракат тезлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ва йўл-транспорт ҳодисалари сонини қисқартиришга мустаҳкам замин яратади. Муҳокамалар якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.