Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган сулҳни олқишлади

Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган сулҳни олқишлади

Ўзбекистон Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлайди, деб хабар бермоқда мамлакат ТИВ.

«Мазкур саъй-ҳаракатларни кескинликни юмшатиш, сиёсий-дипломатик мулоқот ва ўзаро мақбул ечимларни топиш учун шароит яратиш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон «барча томонларни вазмин бўлишга, вазиятнинг яна кескинлашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга, шунингдек, тинчлик ва барқарорликка эришиш мақсадида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга» чақирди.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл билан, БМТ низоми тамойилларига мувофиқ қатъий равишда ҳал этиш зарурлиги тўғрисидаги ўзгармас позициясини тасдиқлайди».

  • Трамп Эрон билан икки ҳафталик сулҳ тузилганини эълон қилди. Бунинг асосий шарти — Ҳурмуз бўғозининг зудлик билан очилиши. Теҳрон сулҳга розилигини расман тасдиқлади ва мамлакат «буюк ғалабага эришганини» ҳамда «жиноятчи АҚШни ўзининг 10 бандлик режасини қабул қилишга мажбур этганини» баён қилди.
  • АҚШ ва Эрон ўртасида вақтинчалик сулҳ тузиш ташаббуси билан сулҳдан бир неча соат олдин Покистон бош вазири чиққан эди. «Мен президент Трампдан [ультиматум] муддатини икки ҳафтага узайтиришни қатъий сўрайман. Покистон эронлик биродарларидан эзгу ният рамзи сифатида Ҳурмуз бўғозини тегишли икки ҳафталик муддатга очишни чин дилдан илтимос қилади… токи дипломатия минтақадаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик йўлида урушни узил-кесил тўхтатишга эришсин», — деб ёзганди Шариф Х ижтимоий тармоғида.
  • Axios мухбири Барак Равиднинг хабар беришича, томонлар ўртасидаги тинчлик музокаралари 10 апрель куни Покистон пойтахти Исломободда бошланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.