Бошқа йўналишлар учун талаблар дифференциал тарзда сақланиб қолади: хорижий тиллар билан боғлиқ мутахассисликлар учун C1 даражаси, ҳуқуқшунослик, журналистика, иқтисодиёт ва ахборот технологиялари каби соҳалар учун эса B2 даражаси талаб этилади. Шу билан бирга, тиббиёт, муҳандислик, архитектура ва санъат соҳаларида сертификатлаш талаблари енгиллаштирилди.
Ислоҳот олий таълим муассасаларини молиялаштириш тизимига ҳам таъсир кўрсатади. 2027 йил 1 январдан Таълим сифатини таъминлаш агентлиги томонидан шакллантириладиган миллий рейтинг асосида рағбатлантириш механизми жорий этилади. Баҳолаш битирувчиларнинг ишга жойлашиши, илмий фаоллик ва рақамлаштириш даражаси каби мезонлар асосида амалга оширилади.
Ўз тоифасида энг яхши 20 фоиз олий таълим муассасалари биринчи даражали мақомга эга бўлиб, қўшимча бюджет қўллаб-қувватловига эга бўлади.
Шунингдек, илмий кластерлар танлови натижаларига кўра 10 та олийгоҳ миллий тадқиқот университети мақомини олади.
Таълимнинг халқаро жозибадорлигини ошириш мақсадида “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастури ишга туширилади. Унинг доирасида ҳар йили 500 нафаргача хорижий талабага давлат буюртмасининг фойдаланилмаган квоталари ҳисобидан грантлар ажратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.