Унинг сўзларига кўра, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятовнинг доимий эътибори марказида бўлиши керак.
Сўнгги йилларда 56 та «Янги Ўзбекистон» массивларининг инфратузилмасини ривожлантиришга 4,1 трлн сўм йўналтирилди. 2026 йилда ушбу мақсадлар учун яна 1,4 трлн сўм ажратилмоқда.
Кенг кўламли молиялаштиришга қарамай, давлат раҳбари ҳудудлардаги жиддий қолоқликни кўрсатиб ўтди. 2025 йилда қуйидаги ҳажмдаги уй-жойлар фойдаланишга топширилмаган:
Шу билан бирга, янги қоида ўрнатилди: қурилиши давом этаётган массивни кенгайтиришга ўша ҳудуддаги 85 фоиз квартирани эгасига топширганидан кейингина рухсат берилади.
Президент бутун мамлакат бўйлаб кўп квартирали уйларни фойдаланишга топшириш муддатларини белгилаб берди ва ҳисоботлар фақат амалда расмийлаштирилган объектлар бўйича қабул қилинишини алоҳида таъкидлади.
«Раматов, Ҳидоятов ва ҳокимлар бу йил ҳудудларда 140 минг хонадонли кўп қаватли уйларни фойдаланишга топширишлари шарт. 1 июлгача — 20 минг, 1 октябргача — 50 минг, йил якунига қадар эса яна 70 минг уй топширилиши лозим. Йил охирида ушбу раҳбарлардан кадастрдан ўтган уйлар сони бўйича сўров бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Реновацияга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Нима учун бундай деяпман? Шаҳар ва шаҳарчалар энига кенгайиб борса, инфратузилмага харажат 4−5 карра ошади, мактаб, боғча ва поликлиникаларгача бўлган масофа узаяди, минглаб гектар экин ери қисқаради», — дея таъкидлади президент.
Бунга мисол тариқасида Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудудлари, шунингдек, Каттақўрғон, Оқтош, Иштихон, Булунғур, Жума ва Жомбой шаҳарларида ҳалигача барак типидаги уйлар мавжудлиги айтиб ўтилди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоевга шу йилда шаҳар марказларидаги эскирган уйлар ўрнида реновация асосида 2500 хонадонли янги уйлар қуриш топширилди.
Умуман олганда, йил давомида вилоят ҳокимлари республика бўйича реновация зоналарида камида 30 мингта хонадон фойдаланишга топширилиши зарур.
7 апрель куни бўлиб ўтган мажлисда сенаторлар турар жой фондини янгилаш қоидаларини белгиловчи «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Ҳужжатга кўра, реновация лойиҳаларини кўриб чиқиш учун аҳолининг 80 фоизининг нотариал розилиги талаб этилади, бузиш ишлари эса барча мулкдорлар билан компенсация масалалари тўлиқ ҳал этилганидан кейингина амалга оширилади.
Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш мақсадида, реновациянинг биринчи босқичида давлат инвестиция компаниялари иштирок этади. Улар рози бўлганлар улушини 80 фоизга етказиши, қолганлар билан низоларни ҳал қилиши ва шундан кейингина тайёр участкаларни аукционга чиқариши лозим.
«80 фоизга келишув бўлгандан кейин, ўша инвест компаниянинг ҳуқуқи бор. Қолган 20 фоизга айтадики, „Эй, барака топгур,“ дейди, „мен 80 фоизи билан келишдим. Квадрат метр ўртача нархи шунча бўлди. Менда энди судга киритиш ваколатим бор. Кел, келишайлик“, дейди. Яъни, мана, 80 фоизнинг ҳуқуқи бор-да, 80 фоизнинг ҳам ҳуқуқини ўйлайлик. Майли, бизнинг мулк ҳуқуқи деган тушунчамиз бор, лекин битта мен деб ҳамма одам бу ерда жабр чекмаслиги керак-ку», — деди Шерзод Кудбиев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.