Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг янги механизмлари жорий этилмоқда

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг янги механизмлари жорий этилмоқда

17 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди.

Сўнгги йилларда мамлакатда манзилли ва шаффоф ёрдам кўрсатиш, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш ҳамда уларни проактив тарзда тақдим этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандли оилалар, доимий парваришга муҳтож фуқаролар ҳамда зўравонликдан жабрланган аёлларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Асосий йўналишлардан бири бу руҳий касалликларга чалинган шахсларга кўмак тизимини такомиллаштиришдир. Бунда уларни жамиятга интеграция қилиш, мустақил ҳаёт кўникмаларини ривожлантириш ва оилаларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

2026 йил 1 июндан бошлаб ривожланишида нуқсони бўлган 0–3 ёшли болалар учун «Эрта аралашув» хизмати босқичма-босқич жорий этилади. У коррекцион-педагогик ёрдам, нутқ ва жисмоний ривожланиш машғулотларини ўз ичига олади. Хизматлар нодавлат ташкилотлар томонидан электрон реестр орқали кўрсатилади, туғма нуқсонли болалар учун тиббий кўрик ва операциялар харажатлари эса давлат томонидан қопланади.

Руҳий касалликларга эга I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган катталар учун йил давомида янги хизматлар жорий этилади. Жумладан, «Янги кун» кундузги парвариш хизмати, уйда парвариш, «Мадад» кичик уйлари шаклида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қисқа муддатли жойлаштириш — «Ижтимоий таътил» хизматлари йўлга қўйилади. Бу чоралар оилаларга ёрдам бериш, маиший кўникмаларни ўргатиш ва мустақилликни ривожлантиришга қаратилган.

Кутилишича, 2026 йилдаёқ янги хизматлар билан 8,3 мингдан ортиқ фуқаро қамраб олинади ва уларни кўрсатишга 600 тагача нодавлат ташкилот ва тадбиркор жалб қилинади. Молиялаштириш давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси субсидиялари ҳисобидан амалга оширилади.

2026 йил 1 сентябрдан оғир шаклдаги ногиронлиги бўлган катталарга қараётган фуқаролар учун ойлик нафақа жорий этилади.

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади — уларнинг ходимлари васийлик ва ҳомийлик комиссиялари таркибига киритилиб, ҳимояга муҳтож шахслар ҳуқуқларининг таъминланишини назорат қилади.

Шунингдек, интернат муассасалари трансформация қилинади: «Мурувват» уйлари босқичма-босқич «Ғамхўрлик» марказларига айлантирилиб, ижтимоий мослашув ва оила муҳитига яқин шароитлар яратишга йўналтирилади.

Қонунчилик ташаббуслари доирасида ногиронлик белгиси бўйича камситиш учун жавобгарлик кучайтирилади, суд қарорларининг очиқлиги таъминланади ҳамда манзилли ёрдамни кенгайтириш мақсадида Ягона ижтимоий реестр ривожлантирилади.

Кундузги парвариш хизматларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ногирон фарзандли ота-оналар учун солиқ имтиёзлари жорий этилади, ушбу соҳада давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган тадбиркорлар эса 2030 йилгача солиқлардан озод қилинади.

Жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга тоифаларни кенгайтириш, жумладан I гуруҳ ногиронлари ва уларни кузатиб юрувчиларни қамраб олиш ҳам кўриб чиқилмоқда.

Зўравонликдан жабрланган аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида уларни автоматик тарзда иш изловчи сифатида рўйхатга олиш ва кейинчалик ишга жойлаштиришга кўмаклашиш механизми жорий этилади.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эса, айниқса рақамли муҳитда содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш чоралари таклиф этилмоқда.

Йиғилиш якунларига кўра, давлат раҳбари тақдим этилган ташаббусларни маъқуллаб, тегишли қонун ҳужжатларини имзолади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.