Тошкент аэропортида аёлларни хорижга жинсий эксплуатация мақсадида олиб чиқишга уринишлар бартараф этилди

Тошкент аэропортида аёлларни хорижга жинсий эксплуатация мақсадида олиб чиқишга уринишлар бартараф этилди

17 апрел куни Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аёлларни хорижга ноқонуний олиб чиқишга доир икки ҳолатнинг олди олинди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик ҳизмати маълумотига кўра, тезкор тадбирлар ички ишлар органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Биринчи ҳолатда Фарғона вилояти ИИБ ходимлари ва ДХҲ томонидан Хоразм вилоятида туғилган, ҳозирда Измир шаҳрида яшаётган аёл томонидан ташкил этилган жиноий схема фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, у Фарғона туманида яшовчи 35 ёшли аёл билан алоқа ўрнатиб, унга хорижда юқори маошли иш ваъда қилган.

Аммо аслида аёлни шаҳвоний эксплуатация қилиш режалаштирилгани аниқланган. Ташкилотчи Тошкент-Истанбул-Измир йўналиши бўйича авиачипта харид қилган, бироқ жиноий режа пойтахт аэропортида бартараф этилган.

Иккинчи ҳолатда Тошкент шаҳар ДХҲ бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари Чиноз туманида яшовчи 24 ёшли аёлни Туркияга олиб чиқишга уринишни аниқлади. Маълум бўлишича, Янгиёл туманида яшовчи 44 ёшли аёл унга иш топиб беришни ваъда қилган, бироқ олинадиган даромаднинг ярмини ўзига бериш шарт қилиб қўйган.

Шубҳланувчи Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга парвоз учун рўйхатдан ўтаётган вақтда қўлга олинган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан «Одам савдоси» моддаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни ҳушёр бўлишга чақириб, бундай ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришни сўрамоқда. Мурожаатлар махфийлиги кафолатланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.