Тадбир Давлат экологик экспертизаси маркази ва Корея атроф-муҳит институти (KEI) ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми доирасида ташкил этилган. Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик 2024 йил ноябрь ойидан буён ривожланиб келмоқда.
Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Г. Мухамедовнинг таъкидлашича, қўшма ташаббуслар халқаро стандартларни жорий этиш ва Ўзбекистонда экологик баҳолаш соҳасида рақамли трансформацияни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
Семинар доирасида иштирокчилар Кореянинг атроф-муҳитга таъсирни ахборотли баҳолаш тизими (EIASS), уни модернизация қилиш ёндашувлари, шунингдек рақамли экология соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижалари билан танишмоқда.
Замонавий технологиялар — жумладан, сунъий интеллект ва спутник мониторингини қўллаш орқали атроф-муҳит ҳолатини таҳлил қилиш ва экологик экспертиза аниқлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дастурнинг алоҳида йўналишларидан бири сифатида Корея Республикасининг яшил ҳудудлар, боғлар ва шаҳар паркларини лойиҳалаш бўйича тажрибаси ҳам ўрганилмоқда.
Қайд этилишича, халқаро тажрибани ўрганиш Ўзбекистонда экологик экспертизани рақамли платформасини жорий этишни жадаллаштириш, шунингдек экологик мониторинг ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.