Тошкент, апрель 2026 йил — Ўзбекистонда ер ресурсларидан барқарор фойдаланишни кучайтириш ҳамда ер деградацияси нейтраллигига (LDN) эришиш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қарорларни қўллаб-қувватлаш тизими (Decision Support System, DSS)га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир GEF томонидан молиялаштирилаётган, FAO ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қуруқчил экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа 2022–2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий мақсади ер деградацияси, чўлланиш ва қуруқчилик оқибатларини камайтириш, ер ресурсларини тиклаш ҳамда ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, LDN ёндашуви ерларни муҳофаза қилиш, тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича далилларга асосланган қарорлар қабул қилишда муҳим амалий восита сифатида кўрилмоқда. Лойиҳа доирасида ер қоплами, ер унумдорлиги ва тупроқ органик углероди каби LDN кўрсаткичларини баҳолаш, дала тадқиқотлари учун соддалаштирилган методологияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, деградацияга қарши кураш бўйича тавсиялар ва қўлланмалар тайёрлаш кўзда тутилган.
Геопортал турли идора ва муассасалардан келадиган маълумотларни бирлаштириш орқали қарорлар қабул қилиш сифатини оширишга хизмат қилади. Тизимга Сув хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳамда “Ўздаверлойиҳа” институти каби ташкилотларнинг маълумотлари киритилиши назарда тутилган.
Кун тартибига мувофиқ, сессияларда LDN концепциясининг Ўзбекистон шароитида қўлланилиши, маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни мувофиқлаштириш, ер деградацияси бўйича фаол нуқталар ва хавфли ҳудудларни аниқлаш, шунингдек, миллий ҳисоботларни тайёрлашнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди. Тақдимотларда Бухоро ва Навоий вилоятларида геоботаник тадқиқотлар ўтказиш, яйловларнинг жорий ҳолатини баҳолаш, масофавий зондлаш ва мониторинг асосида таҳлиллар тайёрлаш, шунингдек, яйловлардан фойдаланиш ва такомиллаштириш йўналишлари ҳам кўриб чиқилди.
“LDN лойиҳасининг устувор мақсадларидан бири — Ўзбекистоннинг БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бўйича ҳисоботларни тайёрлашни яхшилашдир. Республикамизнинг 44,7 млн гектар ҳудудининг 21 млн гектар майдони яйловлардан иборатлиги ва ер ҳамда ўрмон деградацияси муаммоларининг кўпайиб бораётгани бугунги тадбирнинг муҳимлигини кўрсатади. Умид қиламизки, бугунги учрашув барча манфаатдор ҳамкорлар орасида ер ва ўрмон деградацияси бўйича маълумотларни шаффоф алмашиш учун асос яратади ҳамда деградацияни камайтиришга ҳисса қўшади”, — деди “Ўзбекистоннинг қуруқчил экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” лойиҳасининг бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов.
Мазкур давра суҳбати манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашувларни илгари суриш ҳамда Ўзбекистоннинг LDN бўйича мажбуриятларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.