Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси делегацияси Жиззах вилоятига ташриф буюриб, иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги йўналишларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки молиялаштираётган ва ФАО ҳамда Қишлоқ хўжалигини стратегик ривожлантириш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда кичик фермерлар учун ақлли ва барқарор боғдорчилик” лойиҳаси доирасидаги устувор йўналишлар ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа кичик фермерларни замонавий агротехнологиялар, амалий тренинглар ва техник кўмак орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Делегация ҳудуддаги боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари фаолияти билан танишиб, фермерлар билан мулоқот ўтказди. Суҳбатлар давомида мавжуд эҳтиёжлар, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва иқлимга мос технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ташрифнинг муҳим жиҳатларидан бири Бахмал туманида сунъий музлик — “Ice Stupa” технологиясини жорий этиш имкониятларини ўрганиш бўлди. Мутахассислар томонидан тоғли ҳудудларда таҳлил ишлари олиб борилиб, сув танқислигини юмшатиш имконини берадиган жойлар кўздан кечирилди.
Муҳокамаларда бундай ташаббусларни амалга оширишда хотин-қизлар, айниқса томорқа ва кичик иссиқхона хўжаликларида фаол иштирок этаётган аёллар эҳтиёжларини инобатга олиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Ташриф якунида техник баҳолаш ишларини давом эттириш, маҳаллий ҳамжамиятлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда иқлимга чидамли боғдорчилик ва сув тежовчи инновацион ечимларни босқичма-босқич жорий этиш юзасидан келишувларга эришилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.