Тошкентда қурилиш материаллари савдоси учун «Pavilion» маркази очилди

Тошкентда қурилиш материаллари савдоси учун «Pavilion» маркази очилди

23 апрель куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улуғбек туманида жойлашган янги «Pavilion» савдо мажмуасини бориб кўрди.

Сўнгги йилларда мамлакатда қурилиш материаллари саноати жадал ривожланмоқда, бунда нафақат ишлаб чиқаришга, балки замонавий савдо инфратузилмасини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Pavilion» мажмуаси ана шундай ёндашувнинг ёрқин намунаси бўлди.

Лойиҳани амалга оширишга 25 миллион доллар сармоя киритилган. Объект 4,6 гектар майдонни эгаллайди, қурилишнинг умумий ҳажми эса 42 минг квадрат метрни ташкил этади. Ҳудудда 1 мингта автомобил учун мўлжалланган автотураргоҳ мавжуд.

Уч қаватли мажмуада қурилиш ва таъмирлаш учун кенг турдаги маҳсулотларни таклиф этувчи 500 та савдо нуқтаси жойлашган. Ҳудуд замонавий стандартлар асосида ташкил этилган: қулай йўлаклар, очиқ ҳудудлар ва ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган. Кутилишича, мажмуа йилига 3 миллионгача меҳмонни қабул қилади.

Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири савдони рақамлаштиришдир — товарлар мавжудлиги ва нархлар ҳақидаги маълумотлар ягона электрон платформа орқали тақдим этилади. Бу эса харидорлар ва тадбиркорлар учун шаффофлик ва қулайликни таъминлайди.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида қарийб 2 мингта иш ўрни яратилди.

Хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилган: ҳудудга 500 га яқин видеокузатув камералари ўрнатилган.

Давлат раҳбари бундай объектлар савдо сифатини ва маданиятини янги босқичга олиб чиқиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, у пойтахт атрофида ихтисослашган савдо марказлари тармоғини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва самарали логистикага эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.