Енгил саноат агентлиги томонидан 212 та экспортчига 8,8 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилди

Енгил саноат агентлиги томонидан 212 та экспортчига 8,8 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилди

2026 йилнинг I чораги якунлари бўйича республикада товарлар ва хизматлар экспорти барқарор ўсиш тенденциясини намоён этди.

Ҳисобот даврида экспорт ҳажми 5,8 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга ёки 1,2 млрд долларга ошди.

Экспорт ўсиши асосан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ва хомашё ресурслари етказиб бериш ҳажмининг кенгайиши ҳисобига таъминланди. Жумладан, табиий уран экспорти 402,6 млн долларни ташкил этиб, 196 млн долларга ёки 95 фоизга ошди. Рангли металлар экспорти 248,7 млн долларга етди ва 137 млн долларга кўпайиб, икки баробар ўсиш қайд этилди. Нефть-газ маҳсулотлари экспорти 160 млн долларни ташкил этиб, 20 млн долларга ёки 15 фоизга ўсди.

Шунингдек, қайта ишлаш саноатида ҳам ижобий динамика кузатилди. Хусусан, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 731 млн долларга етди ва 110 млн долларга ёки 18 фоизга ошди. Қурилиш материаллари экспорти 304 млн долларни ташкил этиб, 130 млн долларга ёки 75 фоизга кўпайди. Заргарлик саноати маҳсулотлари экспорти 214 млн долларга етди ва 75 млн долларга ёки 54 фоизга ўсди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳам изчил ўсишни кўрсатди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 320 млн долларга етди ва 34 млн долларга ёки 12 фоизга ошди. Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти эса 282 млн долларни ташкил этиб, 47 млн долларга ёки 120 фоизга кўпайди.

Хизматлар экспорти соҳасида ҳам юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Ҳисобот даврида хизматлар экспорти 2,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 35 фоизга ёки 573 млн долларга ошди.

Ҳудудлар кесимида ҳам экспорт фаоллиги ошган. Андижон вилоятида экспорт 83 млн долларга ёки 74 фоизга, Хоразм вилоятида 27 млн долларга ёки 66 фоизга, Навоий вилоятида 15 млн долларга ёки 42 фоизга, Фарғона вилоятида 54 млн долларга ёки 42 фоизга, Наманган вилоятида 43 млн долларга ёки 31 фоизга, Сирдарё вилоятида 17 млн долларга ёки 29 фоизга, Самарқанд вилоятида 54 млн долларга ёки 28 фоизга ўсди. Тошкент шаҳрида эса экспорт ҳажми 178 млн долларга ёки 42 фоизга ошди.

Республиканинг жами 147 та туман ва шаҳарларда экспорт ҳажмларининг ўсиши таъминланди.

Экспорт географияси кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-март ойлари давомида АҚШ, Австрия, Беларусь, Польша, Корея, Эрон, Қозоғистон, Афғонистон каби 86 та давлатга аввал экспорт қилинмаган 162 млн долларлик 140 турдан ортиқ маҳсулотлар етказиб берилди.

Жумладан, Гонконгга заргарлик буюмлари, қуёш панеллари ва ярим ўтказгичлар, латунь маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар 42,1 млн долларга, Афғонистонга автокранлар, алюмин буюмлар, кунжара, металл фитинг, труба ва бошқа маҳсулотлар 19,8 млн долларга, АҚШга гилам, палослар учун мато, кучланиш қурилмалари, қуёш панеллари ва бошқа маҳсулотлар 9,4 млн долларга экспорт қилинди.

Шунингдек, Польшага 2,3 млн долларлик, Қозоғистонга 3,8 млн долларлик, Беларусьга 3,2 млн долларлик, Австрияга 1,7 млн долларлик, Буюк Британияга 1,1 млн долларлик, Эронга 1,1 млн долларлик ва Кореяга 649,3 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.

Экспорт фаолиятига янги субъектларни жалб этиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида ҳисобот даврида 702 та янги тадбиркорлик субъектлари экспортга жалб этилди. Улар томонидан 270 млн долларлик экспорт амалга оширилди. Натижада жами экспортчи корхоналар сони 4 мингтага етказилди.

Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими доирасида экспортчи корхоналарга молиявий ва ташкилий кўмак кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда. Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 405 та экспортчига 32,3 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилди ва улар томонидан 98,9 млн долларлик экспорт амалга оширилди. Бунда 1 доллар давлат ёрдамига 38,9 доллар экспорт тўғри келди.

Шунингдек, Енгил саноат агентлиги томонидан 212 та экспортчига 8,8 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилди.

Қайд этилган натижалар мамлакатда экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулотлар турини диверсификация қилиш ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини тасдиқлайди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.