Тадбир очилишида сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Акиф Марифли таъкидлашича, бундай лойиҳалар Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. У мазкур форматдаги маҳорат дарсларининг ташкил этилиши ва ҳунармандларнинг ижодий жараёнда биргаликда иштирок этиши илк бор амалга оширилаётганини қайд этди. Шунингдек, у орнамент ва нақшлар халқларнинг тарихий хотираси ҳамда миллий ўзлигини акс эттирувчи муҳим маданий кодлар эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов ўз нутқида тадбирнинг ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамиятини қайд этди. У бундай платформалар усталар ўртасида тажриба алмашишга шароит яратиши ва миллий санъат анъаналарини асрашга хизмат қилишини билдирди.
Ўзбекистон амалий санъат музейи директор ўринбосари Зухра Холиқова эса бундай ташаббуслар музейлар ва ҳунармандлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшишини таъкидлаб, уларни изчил давом эттириш зарурлигини қайд этди.
Озарбайжон Маданият Марказининг “Маданият лабораторияси” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Орнамент тили” номли маҳорат дарслари давомида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг декоратив-амалий санъат анъаналари жонли тарзда намойиш этилди.
Тадбир доирасида Озарбайжондан келган ҳунармандлар турли йўналишлар бўйича маҳорат дарслари ўтказдилар. Гиламчи-рассом, миниатюра устаси Ағасодиқ Сулейманов анъанавий гиламчилик санъатининг нозик жиҳатларини намойиш этиб, тўқиш жараёнини амалий кўрсатди ва миниатюра санъати бўйича дарс ўтди. Ўймакорлик устаси Тофиқ Алиев ёғоч ўймакорлиги техникасини жонли намойиш қилиб, бу санъатнинг ўзига хос жиҳатларини тушунтирди. Баттал эбру техникаси бўйича санъаткор Севинч Алиева сув юзасида расм чизиш босқичларини кўрсатди, керамика устаси Руҳангиз Бағирова эса кулолчилик жараёнини амалий тарзда тақдим этиб, иштирокчиларни анъанавий керамика намуналарини тайёрлаш қоидалари билан таништирди.
Тадбирда, шунингдек, ўзбек санъат усталари Насиба Сотиболдиева, Бибисора Раҳматуллаева ва Шуҳрат Аҳмедназаров иштирок этиб, ўз қўл меҳнати намуналарини тақдим этдилар ва миллий декоратив-амалий санъат анъаналарининг хусусиятларини намойиш қилдилар.
Маҳорат дарслари давомида яратилган асарлар асосида тадбир маконида кўргазма очилди. Унда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг декоратив-амалий санъат намуналари, миллий орнаментлар ва анъанавий санъат асарлари намойиш этилди.
Тадбир маҳаллий ташриф буюрувчилар билан бир қаторда, Тошкентга келган кўплаб хорижий меҳмонлар ва сайёҳлар томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди. Улар тақдим этилган санъат намуналари билан яқиндан танишиб, икки мамлакатнинг бой маданий мероси ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг “Қорабоғ зафари” рақс ансамбли ва “Харибулбул” театр труппаси аъзолари томонидан мусиқий ва саҳна чиқишлари намойиш этилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.