Женева, Швейцария — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) вакиллари Швейцариянинг Женева шаҳрида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) томонидан ташкил этилган 2026 йилги Барқарор ривожланиш бўйича минтақавий форумда иштирок этди.
Форум БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумига минтақавий ҳисса сифатида хизмат қилади. У минтақа мамлакатлари учун Барқарор ривожланиш мақсадлари ижроси бўйича эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва устувор йўналишларни муҳокама қилиш, шунингдек, илғор тажрибаларни алмашиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Форум доирасида 2026 йилда Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумда кўриб чиқиладиган бир қатор устувор Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, тоза сув ва санитария (БРМ 6), арзон ва тоза энергия (БРМ 7), саноат, инновациялар ва инфратузилма (БРМ 9), барқарор шаҳарлар ва жамиятлар (БРМ 11), шунингдек, мақсадлар йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлаш (БРМ 17) масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон делегациясининг форумдаги иштироки мамлакатда барқарор ривожланиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига мослашув ҳамда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш йўналишларидаги саъй-ҳаракатларни халқаро платформада намойиш этиш учун муҳим имконият бўлди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.