Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва Адлия академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва Адлия академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Адлия академиясининг профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, шунингдек Миллий марказ ходимлари ва докторантлари иштирок этди.

Тадбирни очиб берган Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов меморандумни имзолашдан кўзланган мақсад ва вазифаларга қисқача тўхталиб ўтди.

Хусусан, ҳамкорликнинг асосий мақсади Адлия академияси учун ўқув дастурлари, ўқув-методик ва норматив материалларни ишлаб чиқишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги авлод судьялари ва суд тизими ходимлари фаолиятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган илмий асосланган хулоса ва тавсиялар тайёрлашдан иборат экани таъкидланди.

Шунингдек, Адлия академиясининг ўқув жараёнига «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари», «Ички ишлар органлари фаолиятига оид инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар» каби таълим модулларини жорий этиш, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан, масофавий таълим, интерактив ва муаммоли вазиятларга асосланган ўқитиш усулларидан кенг фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Меморандумни Миллий марказ директори Акмал Саидов ва Адлия академияси ректори Шерзод Абдуқодиров имзоладилар.

Тадбир доирасида томонлар 2020–2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастури, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Айниқса, кутубхоналар фаолиятини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Адлия академияси кутубхона фондига Миллий марказ томонидан нашр этилган 200 нусха юридик адабиёт ва ўқув қўлланмалар топширилди.

Тадбирда шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Тургунов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази матбуот хизмати

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.