Давлат хизматлари кўрсатишда бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

Давлат хизматлари кўрсатишда бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари соҳасида бюрократияни янада қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда аҳоли ва бизнес учун давлат хизматларининг қулайлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат хизматлари қамрови 10 баробарга ошиб, 61 миллиондан ошди. Шу билан бирга, хизматларнинг қарийб 80 фоизи онлайн шаклда кўрсатилмоқда. Фақат 2025 йилнинг ўзида тадбиркорлик соҳасидаги 2 мингдан ортиқ мажбурий талаб бекор қилинди.

Шунга қарамай, тизимда ортиқча жараёнлар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар сақланиб қолмоқда. Ҳозирги вақтда давлат органларида 5 650 та функция, 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1 041 та давлат хизмати мавжуд.

Давлат раҳбари функция ва талабларнинг ортиқча кўплиги тизим самарадорлигини пасайтириши, харажатларни ошириши ва адолатсизлик учун шароит яратиши мумкинлигини таъкидлади. Шу муносабат билан дерегуляция, рақамлаштириш ва давлат хизматларини соддалаштириш йўли белгиланди.

2030 йилгача ортиқча бюрократиядан холи тизимни шакллантириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури ишга туширилди. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилди. Дастур доирасида давлат органлари функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнес учун талабларнинг 20 фоизини оптималлаштириш ва электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш режалаштирилган.

Тақдимотда тез, шаффоф ва ортиқча ҳужжатларсиз хизмат кўрсатишга йўналтирилган “сервис давлат” моделига ўтиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, 783 турдаги давлат хизматида “нол бюрократия” тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Бу 550 та хизматни электрон шаклга ўтказиш ва уларни кўрсатиш босқичларини икки баробар қисқартириш имконини беради. Яна 80 та хизмат проактив ва композит форматга ўтказилади.

Кутилишича, ушбу чоралар аҳолига давлат идораларига бориш билан боғлиқ транспорт харажатлари бўйича ҳар йили 35 миллиард сўмгача маблағни тежаш имконини беради. Шунингдек, яна 80 та хизмат кўрсатиш муддати 2–3 баробарга қисқартирилиб, ўртача 13 кундан 6 кунга туширилади. 10 та хизмат тўлиқ автоматлаштирилади.

25 турдаги хизматлар бўйича тўловларни камайтириш орқали ҳар йили аҳоли ихтиёрида 851 миллиард сўмгача маблағ қолиши таъминланади. Бундан ташқари, 10 та хизмат хусусий секторга ўтказилади, 15 турдаги маълумотнома ва ҳужжатлар рақамлаштирилади. Бу эса 270 дан ортиқ хизматда маълумотларни қайта талаб қилиш амалиётини бекор қилади.

Мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бозор фаолиятини тартибга солувчи 20 та ҳужжатда 500 дан ортиқ тарқоқ талаблар қўлланилмоқда. Уларни тизимлаштириш норматив юкламани 30 фоиздан ортиққа оптималлаштириш имконини беради.

Шунингдек, санитария талабларига мувофиқлик далолатномаси ва тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимлар рўйхатини шакллантириш учун электрон ечимларни жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳар йили бюджет маблағларидан 1 миллиард сўмни тежаш ва тезкор фаолият учун 24 мингга яқин иш соатини бўшатиш имконини яратади.

Ҳисоб-китобларга кўра, маъмурий юкламани қисқартириш иқтисодиётга йилига 1,5 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри самара келтиради. Тартибга солиш сифати яхшиланиши қўшимча 800 миллион доллар хорижий инвестицияларни жалб қилишга, давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигининг ошиши эса меҳнат унумдорлигини йилига 750 миллион долларга кўпайтиришга хизмат қилади. Умуман олганда, бюрократияни қисқартириш чоралари 2026–2030 йилларда мамлакат иқтисодиётини 13 миллиард долларга ошириш имконини беради.

Рақамли трансформация доирасида давлат функциялари, мажбурий талаблар ва хизматлар реестрларини юритиш учун ягона reestr.gov.uz платформасини яратиш, шунингдек сунъий интеллект асосида “Bureaucracy radar” тизими ва тадбиркорлар харажатларини ҳисоблаш учун “Бизнес-калькулятор”ни жорий этиш таклиф қилинди.

Президент давлат хизматлари инсон манфаатларига хизмат қилиши, бизнес учун қулай муҳит яратиши ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириши кераклигини таъкидлади. Вазирлик ва идоралар функцияларини қайта кўриб чиқиш, ортиқча талабларни бартараф этиш ҳамда рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимот якунида масъулларга ҳар бир идора кесимида аниқ чораларни назарда тутувчи бюрократияни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш, рақамли хизматларни кенгайтириш, жараёнларни соддалаштириш ва хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, барча давлат органларида “нол бюрократия” тамойилини кенг жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.