Учрашув аввалида Бразилия ташқи сиёсат идораси раҳбари давлатимиз раҳбарига Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силванинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Бразилия ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар олий даражадаги тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, сиёсий ва парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда кимё, электротехника, фармацевтика ва саноатнинг бошқа тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, селекция, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ҳукуматлараро комиссия тузиш таклифи илгари сурилди. Бу механизм икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни мувофиқлаштиришда муҳим платформа бўлиши қайд этилди.
Шунингдек, томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, яқин истиқболда ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирлар юзасидан ҳам мулоқот олиб бордилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.