Шавкат Мирзиёев SOCAR ва British Petroleum билан нефт ва газ соҳасидаги лойиҳаларни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев SOCAR ва British Petroleum билан нефт ва газ соҳасидаги лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни SOCAR раҳбари Ровшан Нажаф, шунингдек, “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги 2026” форумида иштирок этиш учун мамлакатга келган British Petroleum компанияси раҳбарияти Ариэль Флорес ва Жованни Кристофоли билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида энергетика ва нефть-газ соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, SOCAR аллақачон Устюрт платосидаги углеводород конларини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этмоқда. Шунингдек, Озарбайжон компаниясининг Ўзбекистонда ваколатхонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

British Petroleum компаниясининг ушбу йирик лойиҳага қўшилгани ҳам алоҳида юқори баҳоланди.

Томонлар углеводород хомашёсини қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, нефть ва нефть маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб беришни ташкил этиш, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси раиси ҳам ҳисобланган Ровшан Нажаф Ўзбекистон ва Озарбайжонда 2027 йилда ўтказиладиган U — 20 ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишларида кўрсатилаётган кўмак учун мамлакат раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.