Сурхондарёда судья катта ёрдамчиси $53 минг олаётганда қўлга олинди

Сурхондарёда судья катта ёрдамчиси $53 минг олаётганда қўлга олинди

Сурхондарё вилояти суди судьясининг катта ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У хизмат мавқеидан фойдаланиб, жиноят ишида қатнашувчи шахсларга енгиллик яратиб бериш эвазига катта миқдорда пул олганликда гумон қилинмоқда.

Маълум қилинишича, у жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди иш юритувида бўлган иш доирасида икки нафар судланувчига нисбатан аниқланган 6,3 миллиард сўмлик зарар миқдорини қайта баҳолаш орқали камайтиришни ваъда қилган. Шунингдек, судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш ҳамда дастлабки тергов даврида қўлланган “қамоқ” эҳтиёт чорасини бекор қилдириш бўйича ёрдам беришини айтган.

Бу хизматлар эвазига у судланувчиларнинг қариндошидан 53 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тегишли идораларга хабар беришга чақирмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.