Музокаралар аввалида Диене Кейта мамлакат раҳбарига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Томонлар Ўзбекистоннинг БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, ижтимоий ва демографик сиёсатнинг муҳим йўналишларини қамраб олди.
Хусусан, репродуктив саломатлик, гендер тенглиги ва демографик барқарорликни таъминлаш соҳаларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шунингдек, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатини ўтказишда муҳим ўрин тутгани таъкидланди.
Учрашувда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, мамлакат дастури доирасида янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва БМТ майдонларида юқори даражадаги тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.