Дастурнинг мақсади — журналистлар ва блогерларга судлар фаолияти ҳамда суд жараёнлари ҳақида саводли, аниқ ва масъулиятли ахборот тайёрлаш кўникмаларини оширишдан иборат эди. Тренингнинг икки кунлик иккинчи сессияси 21–22 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, журналистларнинг суд жараёнларини кузатиш имконияти ва уларни холис ёритиши суд тизими очиқлигини таъминлашга, жамиятнинг объектив ахборот олиши ҳамда адолатли судлов ва айбсизлик презумпцияси тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Икки кун давомида иштирокчилар Ўзбекистон суд тизимининг тузилиши, суд фаолиятини ёритувчи журналистика ва ҳуқуқий журналистика ўртасидаги фарқлар, шунингдек, жамоатчилик манфаатлари билан суд-ҳуқуқ жараёнларида иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқларини мувозанатда сақлаш нега муҳим экани масалаларини муҳокама қилдилар.
Алоҳида сессиялар журналистиканинг ахлоқий ва ҳуқуқий чегараларига, жумладан шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, суд ҳокимиятига ҳурмат билан ёндашиш ҳамда туҳмат ва текширилмаган ахборотни тарқатиш хавфларига бағишланди. Болгариядан ташриф буюрган халқаро экспертлар суд ҳужжатлари билан ишлаш, фактларни текшириш ва мураккаб ҳуқуқий мавзуларни кенг аудитория учун тушунарли шаклда ёритиш усулларини тушунтириб бердилар.
Нукус ва Тошкентдаги тадбирлар мамлакатда ҳуқуқий журналистикани ривожлантиришга қаратилган кенгроқ ва ва тизимли саъй-ҳаракатларнинг давомидир. Шунга ўхшаш тренинглар аввалроқ Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида ҳам ўтказилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.