Термизда собиқ мансабдор 200 дан ортиқ дарахтнинг кесилишида айбдор деб топилди

Термизда собиқ мансабдор 200 дан ортиқ дарахтнинг кесилишида айбдор деб топилди

Сурхондарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Термиз шаҳрида юз берган дарахтларнинг оммавий кесилиши билан боғлиқ ишни қайта кўриб чиқди.

Суд материалларига кўра, собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда хусусий корхона раҳбари қурилиш ҳудудидаги дарахтларни кўчириш мақсадида ўзаро келишувга эришган. Бунинг учун томонлар ўртасида 20 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилган.

Бироқ ҳудуддаги дарахтлар Экология ҳамда Миллий гвардия идоралари мутахассислари томонидан хатловдан ўтказилган ва қимматбаҳо дарахтларни кўчириш ёки кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига мувофиқ рад этилган.

Шунга қарамасдан, қурилиш майдонидаги 217 туп дарахт ноқонуний равишда кесиб ташланган. Улар орасида 61 туп элдор қарағайи, 36 туп виржин арчаси, 101 туп шарқ биотаси, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти бўлган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу ҳолат оқибатида табиатга 2 миллиард 69 миллион сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилган.

Апелляция суди жараёнида собиқ мансабдор ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, дарахтларни кесиш учун рухсат мавжуд деб ўйлаганини ҳамда қурилиш ташкилотига фақат ёрдам берганини маълум қилди. Бироқ суд ҳайъати иш бўйича йиғилган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларини таҳлил қилиб, уни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди.

Суд ҳукмига мувофиқ, айбдорга икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ва иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинади. Дастлабки қамоқда сақланган муддат инобатга олиниб, якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланди.

Мазкур ҳолат экологик талабларга риоя қилиш ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш масаласига яна бир бор жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.