Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг Саккизинчи Ассамблеяси расман бошланди

Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг Саккизинчи Ассамблеяси расман бошланди


Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand халқаро туристик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳамда Глобал экологик жамғарманинг Саккизинчи Ассамблеяси байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди. Шу тариқа экология ва барқарор ривожланиш соҳасидаги энг йирик халқаро форумлардан бирига расман старт берилди.

Маросимда Ўзбекистон Президентининг экологик масалалар бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Глобал экологик жамғарманинг бош директори ва стратегия ҳамда операциялар бўйича директори Клод Гаскон иштирок этди.

Байроқларнинг кўтарилиши ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий доиралар, фуқаролик жамияти ва бизнес вакилларини бирлаштирадиган халқаро экологик ҳафталик бошланганининг рамзи бўлди. Тадбир доирасида иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга бағишланган долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Маросимдан сўнг Глобал экологик жамғарма котибияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат экологик соҳадаги мутахассислар учун стажировка ва тажриба алмашиш дастурларини ўз ичига олган амалий ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

Шунингдек, келишув иқлим ўзгаришига қарши курашиш, биохилмахилликни сақлаш, ерлар деградациясининг олдини олиш, чиқиндиларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш ва халқаро экологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма ташаббусларни ривожлантиришга қаратилган.

Глобал экологик жамғарманинг Саккизинчи Ассамблеяси Самарқандда ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг халқаро экологик кун тартибини илгари суришдаги ўрни тобора ортиб бораётганини намоён этмоқда ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланиш масалалари бўйича глобал мулоқот майдони сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.

Ассамблея тадбирлари халқаро ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, экологик лойиҳаларга инвестицияларни жалб этиш ва 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган амалий ечимларни илгари суришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.