Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлат буюртмаси асосида яратиладиган фильмлар учун тарғибот ва реклама харажатларини қоплаш мақсадида кино лойиҳаси бюджети қийматининг 30 фоизигача маблағ ажратилади. Шунингдек, бундай лойиҳалар бўйича харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинади.
Киноиндустрияга хорижий сармоя ва халқаро ҳамкорликни кенг жалб қилиш мақсадида чет эл компанияларининг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотлари яратиш билан боғлиқ фаолияти солиқлардан озод этилади.
Янги тартибга мувофиқ, давлат буюртмаси асосида суратга олинган фильмлар намойишидан тушган маблағларнинг 50 фоизи продюсерлар ва ижодий жамоаларга қўшимча рағбат сифатида йўналтирилади. Бу эса соҳада ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, миллий кинематографиянинг нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Олтин Ҳумо” миллий кино тақдимоти учун ҳар йили 5 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Учрашувда кино соҳасидаги айрим бошқарув механизмлари замон талабларига жавоб бермаётгани ҳам қайд этилди. Хусусан, Республика кинематография комиссияси ҳамда Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолиятида эскича бошқарув ва самарасиз назорат усуллари сақланиб қолаётгани танқид қилинди.
Шу муносабат билан мазкур комиссия ва кенгашлар фаолиятини тўлиқ тугатиш ҳамда улар ўрнида янги тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Энди фильм жанри ва мавзусидан келиб чиққан ҳолда соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари ташкил этилади.
Экспертлар таркибига Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси ва Бастакорлар уюшмаси томонидан тавсия этилган мутахассислар жалб қилиниши назарда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.