Форумда глобал иқтисодиётдаги ўзгаришлар марказий банклар фаолиятига янги талабларни қўяётгани, ноаниқликлар эса эндиликда вақтинчалик эмас, балки пул-кредит сиёсатининг доимий омилига айланиб бораётгани таъкидланди. Шу муносабат билан форум турли мамлакатлар мутахассислари ўртасида очиқ ва амалий мулоқот майдони сифатида баҳоланди.
Панель муҳокамаларида Халқаро валюта жамғармаси вакиллари, турли давлатлар марказий банклари раҳбарлари ҳамда етакчи хорижий университетлар олимлари қатнашиб, замонавий пул-кредит сиёсатидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистоннинг инфляцион таргетлаш режимига ўтиш жараёни ва эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, мамлакатда инфляция даражаси 2018 йилдаги қарийб 20 фоиздан 2026 йил май ҳолатига келиб 5,5 фоизгача пасайган. Базавий инфляция эса 5,7 фоиз атрофида шаклланган.
Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ўртача 20 фоиздан тахминан 10 фоизгача камайгани қайд этилди. Банк тизимида хорижий валютадаги депозитлар улуши қарийб 50 фоиздан 20 фоизгача, кредитлар бўйича долларлашув даражаси эса 54 фоиздан 37 фоизгача қисқаргани макроиқтисодий барқарорликка ишонч ортиб бораётганининг муҳим кўрсаткичи сифатида баҳоланди.
Форум иштирокчилари инфляцион кутилмаларни 5 фоизлик мақсадли даражага туширишда эҳтиёткор ва изчил пул-кредит сиёсатини давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Тадбир доирасида рақамлаштириш шароитида пул-кредит сиёсатининг янги ёндашувлари, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, юқори частотали маълумотлар асосида иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш ҳамда марказий банклар олдида турган янги чақириқлар ҳам муҳокама қилинди.
Форум якунида мазкур халқаро мулоқот платформасини мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Унга кўра, глобал иқтисодий ноаниқликлар ва технологик ўзгаришлар шароитида самарали ечимлар ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.