Июнь ойида ижтимоий тармоқларда унга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув тарқалганди. Унда ҳоким фермерлардан бирини ҳақорат қилгани ва ерни мажбуран топширишга кўрсатма бергани эшитилади.
«Ўзи бажармадими анавини? Булар оилавий суғоради, пахтани ичида чўмилса ҳам бўлаверади. Эй, сен …[сўкиниш] гаплашгим келмаяпти мен билан? … ўйин қиляпсанми? Мен сенга бекорга қаттиқ текканим йўқ, … Шу фермерларни … чиқарган сен бўласан. Мен сенга неча марта айтганман фермерингда, шийпонингда тўплаб, штаб қил деганман. Ҳеч бўлмаганда икки кунда бир, уч кунда бир бўлса ҳам бор деганман. Бир ойлаб ҳам бормаган экансан фермерларга. ММТУ раислигини қилиб юриб, а? Сени уч кундан бери қидираман, топилмайман. Эй, !!! … тиқиб қўяйми ҳозир? Тиқилгинг келяптими? Бўлди, тиқиласан… Яхшиликни билмаган… Қилгиси келмаяптими? Ол, ерни топшир… Бор, ҳозироқ аризасини ол. Олиб кир, ҳокимиятга олиб кириб, хонада ёз. Йиғиштир, турва-халтангни. Ҳозир кириб топширсин. Бўлди, ол», — дейди ҳоким.
Шундан сўнг агентлик давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида вилоят ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган.
Тақдимнома натижаларига кўра, тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, давлат хизматида юксак касбий ва ахлоқий стандартларни қарор топтириш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ишларини давом эттиришини қўшимча қилди.
Ҳалимжон Умаров Қува тумани ҳокими лавозимида 2021 йилнинг февраль ойидан буён ишлаб келади. У бундан аввал вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловнинг ҳам ғалла планини бажармаган фермерларни ҳақоратлаб, таҳдид қилгани акс этган ауди тарқалганди. «Ёпмасанг, тиқиб юбораман… Эй, қўзичоқ, ёп, тушундингми?», — дейилади унда.
Кейинчалик Антикоррупция агентлиги тақдимномасидан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган туман раҳбарига ҳайфсан берилган.
Ҳуқуқшунос, Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси тадқиқот маркази катта илмий ходими Иброҳим Саид Gazeta учун ёзган колонкасида нега қонунда мустақил тадбиркор деб кўрсатилган фермер амалда туман ҳокими олдида бунчалик ожизлиги ва муаммо қаердалиги каби саволларга жавоб берган.
Шунингдек, Gazeta инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан мансабдорларнинг фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлиши инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қандай баҳоланиши, улар одамлар билан коммуникацияни қандай йўлга қўйиши кераклиги каби саволларга жавоб излашга уринганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.