Ерали Тугжанов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди

Ерали Тугжанов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди

Қозоғистон президенти фармони билан Ерали Тугжанов мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Бошқа фармон билан эса Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ерали Тўғжанов 1963 йилда Ғарбий Қозоғистон вилоятида туғилган. У 1988 йилда Қарағанди давлат университетини, 1994 йилда эса Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини 1980 йилда Урал вилояти Октябрь ўрмон хўжалигида ишчи сифатида бошлаган.

1988−2001 йилларда Қарағанди давлат университетида ўқитувчи, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, факультет декани ҳамда Қозоғистон давлат юридик университети филиали директори лавозимларида ишлаган.

2001−2006 йилларда Қарағанди вилояти ҳокими ўринбосари бўлган. 2006−2008 йилларда Қозоғистон Адлия вазирлиги Дин ишлари қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.

2008−2017 йилларда Қозоғистон халқи ассамблеяси раиси ўринбосари, Президент администрациясидаги Қозоғистон халқи ассамблеяси котибияти мудири ҳамда Президент администрацияси ички сиёсат бўлими сектори мудири лавозимларида ишлаган.

2017−2019 йилларда Манғистау вилояти ҳокими бўлган. 2019−2020 йилларда Касаба уюшмалари федерацияси раиси лавозимида ишлаган.

2020 йил 11 февралда бош вазир ўринбосари этиб тайинланган. 2021 йил 18 январь ва 2022 йил 11 январда президент фармонлари билан мазкур лавозимга қайта тайинланган.

2022 йил 31 августдан 2023 йил сентябригача Ақтўбе вилояти ҳокими бўлган. 2024 йил май ойидан буён Қозоғистон бош вазири Олжас Бектеновнинг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон собиқ ташқи ишлар вазири Бейбут Атамкулов 2022 йил октябрида мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.