Ўзбекистонда Тошкент — Самарқанд пулли йўли қурилиши бошланди

Ўзбекистонда Тошкент — Самарқанд пулли йўли қурилиши бошланди

Ўзбекистонда қиймати деярли 2,2 миллиард долларга тенг бўлган янги Тошкент — Самарқанд пулли автомобиль йўли қурилиши бошланди. Йўл ишга туширилгач, шаҳарлар ўртасидаги йўл вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари 22 июль куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида трасса қурилишига тамал таши қўйиш маросимида иштирок этди.

Олти тасмали автомагистралнинг умумий узунлиги 282 км ни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўлотказгич ва туннель туридаги 60 та ўтиш жойи қуриш режалаштирилган.

Трассага оғир ва юқори тезликдаги транспорт ҳаракатига мўлжалланган монолит бетон қопламаси ётқизилади. Текислик участкаларида автомобиллар соатига 150 км гача тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Замонавий хавфсизлик тизимлари ва рақамли ечимлар йўл-транспорт ҳодисалари сонини сезиларли даражада камайтириш имконини бериши кутилмоқда.

Йўл фойдаланишга топширилгач, унинг ўтказувчанлик қобилияти суткасига 60 мингдан 80 мингтагача автомобилни ташкил этади. Юк ташиш таннархи эса 20−24 фоизга арзонлашиши керак.

Шавкат Мирзиёев автомагистраль қурилишини Ўзбекистон транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги «набатдаги улкан тарихий қадам» деб атади ва йўл соҳасида «том маънода янги давр» бошланаётганини таъкидлади.

Янги трасса ўзи ўтадиган ҳудудлардаги иқтисодий фаолликни ошириши кутилмоқда. Президентнинг Жаҳон банки таҳлилига таяниб таъкидлашича, бу каби инфратузилма лойиҳаларига киритилган ҳар бир доллар иқтисодиётга беш долларгача даромад келтириши мумкин.

Магистраль Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг ялпи ҳудудий маҳсулотини 3 фоизга оширишга хизмат қилиши керак. Аҳолиси 2 миллиондан ортиқ бўлган 13 та туманда минглаб янги иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлиши кутилмоқда.

Йўл ёқасида логистика марказлари, омборхоналар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, меҳмонхоналар ва туристик мажмуалар қуриш режалаштирилган. Маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан фойдаланиш тадбиркорларни йирик буюртмалар билан таъминлаб, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Хива — Урганч йўли қурилиши бошлангани, Тошкент — Андижон трассаси бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида экани ва Тошкент — Бўстонлиқ йўлини лойиҳалаш якуний босқичда эканини маълум қилди.

«Биз бугун ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз», — деди президент автомагистраль қурилишига старт бера туриб.

Пулли йўл ҳақида


Янги Тошкент — Самарқанд пулли йўли Сергелидаги Тошкент ҳалқа йўлидан бошланади. Ҳукумат йўлни босқичма-босқич, биринчи навбатда Тошкент — Сирдарё участкасини ишга тушириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Олдинроқ транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Тошкент — Самарқанд пулли автомагистрали қурилишини 2026 йилнинг июль ойида бошлаш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ташкилий ишлар якунланган, пудратчи аниқланган ва июнь ойида EPC-контракт имзоланиши кутилаётган эди.

Лойиҳа қиймати 2,185 миллиард долларга баҳоланган. Уни тўрт босқичда амалга ошириш режалаштирилган эди: қийматнинг 85 фоизи ёки 1,857 миллиард доллари Хитой банклари томонидан, яна 15 фоизи ёки 328 миллион доллари Ўзбекистон бюджетидан молиялаштирилиши керак. Ишларни бошлаш учун, шунингдек, 1 йил муддатга 200 миллион долларлик бридж-кредит жалб қилиш ҳам кўриб чиқилган эди.

Янги олти тасмали трассанинг узунлиги 282 км ни ташкил этади. У Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларини боғлайди ҳамда соатига 150 км гача бўлган тезликка мўлжалланади. Аввалроқ ҳукумат йўлни Тошкент — Сирдарё участкасидан бошлаб босқичма-босқич ишга туширишни кўриб чиққан эди.

Транспорт вазири амалдаги йўл аллақачон лойиҳавий ўтказувчанлик қобилиятидан ортиқ автомобилларни ўтказаётганини таъкидлаган эди. Янги магистраль йўл вақтини 2−2,5 бараварга қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.

Йўл ҳақи тарифларини аҳолининг молиявий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, инвесторлар билан музокаралардан сўнг белгилаш режалаштирилган эди. Трасса бўйлаб транспорт ечимлари (развязкалар), кўприклар, йўлотказгичлар, тоннель ўтиш жойлари, терминаллар, йўлбўйи инфратузилмаси объектлари, интеллектуал транспорт тизими ва вазн назорати кўзда тутилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.