Ҳужжатда Ўзбекистон мустақиллик йилларида ўз суверенитетини мустаҳкамлагани, барқарор ривожланишни таъминлагани ва кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширгани қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп давлат экани таъкидланган.
Мамлакат иқтисодиёти ҳар йили қарийб 5–6 фоизга ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг очиқ бозорларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани қайд этилган.
Прокламацияда Ўзбекистоннинг қадимий Буюк ипак йўли марказида жойлашгани ва 100 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга минтақани боғловчи муҳим дарвоза эканига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ва Сиэтл ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо, инвестициялар, логистика, технологиялар ва энергетика соҳалари истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида кўрсатилган.
Ҳужжатда, шунингдек, Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг очилгани алоҳида таъкидланган. У икки мамлакат фуқаролари, тадбиркорлик вакиллари ҳамда давлат тузилмалари ўртасидаги узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилган.
Шу тариқа, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 2026 йил 1 сентябрь Сиэтл шаҳрида расман «Ўзбекистон Мустақиллиги куни» деб эълон қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.