«Келгуси ўн йил биз учун миллий юксалиш даври бўлади. Биз бунга фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали эриша оламиз», — деди президент.

«Мен бу ҳақда доим айтаман: таълим, таълим, ўқитувчи, ўқитувчи. Шунинг учун биринчи миллий дастур билим ва кўникмаларни келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳукумат қисқа муддатда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш даражасини 100 фоизга етказишни ва хусусий боғчалар очиш учун берилган имтиёзларни сақлаб қолишни режалаштирмоқда.
Барча мактабларни билимни баҳолаш бўйича халқаро дастурлар билан тўлиқ қамраб олиш, техникумларда эса халқаро таълим стандартларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Юқори даромадли касбларга ўқитилаётган ёшлар сонини 1 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.
«Қисқаси, янги Ўзбекистонда касб-ҳунар эгалламаган бирорта ҳам йигит-қиз қолмайди», — деди президент.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги камида 10 та университетни дунёнинг энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига киритиш мақсади қўйилди.
Келгуси беш йилда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказиш режалаштирилмоқда.
Тиббиётда касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиб, соғлиқни сақлаш моделига ўтилади. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатдаги барча хонадонларни қамраб олиши керак.
«Тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали соғлиқни сақлаш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатдаги барча хонадонларни қамраб олади», — деди Мирзиёев.
Ихтисослаштирилган тиббиётни ривожлантириш учун Ўзбекистонга дунёнинг етакчи камида 5 та клиникасини жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Келгуси 10 йилда 450 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилгача эса иқтисодиёт ҳажмини 300 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда (аввалги мақсад 240 млрд доллар эди).
Саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллект устувор йўналишлардан бўлади.
Шунингдек, кичик бизнеснинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг эса йирик компания ва корпорацияларга айланишига ёрдам берадиган экотизим яратилади.
«Бунинг ҳисобига келгуси 10 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ $10 мингдан ошади», — деди давлат раҳбари.
Келгуси беш йилда қишлоқ хўжалиги ерларини сув тежовчи технологиялар билан 100 фоиз қамраб олиш режалаштирилмоқда.
«Яшил макон» умуммиллий ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
«Мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, туман ва шаҳар марказларида кўкаламзор ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. «Биз буни албатта амалга оширамиз», — деди Мирзиёев.

Ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб ягона тизим асосида йўлга қўйилади. Президент фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларни давом эттиришини ҳам маълум қилди.
Шунингдек, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши кураш кучайтирилади.
Президентнинг таъкидлашича, яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқларининг бузилишига қарши кураш ҳам янги босқичга олиб чиқилади.
«Халқимизнинг кайфияти, оилалар фаровонлиги, ёшларнинг орзу-интилишлари, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги аввало маҳаллада намоён бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, маҳалла «жамият тараққиётининг асосий буюртмачиси»га айланиши керак.
Давлат дастурларини шакллантириш ёндашуви ҳам ўзгартирилади. Туман бюджетлари, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳалари маҳаллалар эҳтиёжидан келиб чиқиб ишлаб чиқилади.
«Энг муҳими — фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжлари, маҳалланинг фаровонлиги асосий мезон сифатида белгиланади. Бу мезонни, албатта, халқ билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширамиз», — деди президент.

Президент мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаётгани, 16 та диний конфессия фаолият юритаётганини таъкидлади.
«Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — халқимизнинг олтин фонди, унинг бебаҳо бойлигидир», — деди у.
Ўзбекистон очиқ, прагматик ва тинчликсевар ташқи сиёсатини давом эттиради. Мирзиёевнинг таъкидлашича, мамлакат дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 170 тага яқинлашган.
«Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўп векторли, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз», — деди президент.
Иқтисодий дипломатия ҳам устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади. 2027−2029 йилларда Ўзбекистон илк бор Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади.
Афғонистон бўйича ҳам мамлакат конструктив сиёсатини давом эттиради.
Президент нутқининг якунида шундай деди: «Бугун биз кечагидан кучлимиз. Худо хоҳласа, эртага бугунгидан ҳам кучли бўламиз… Агар халқ ва давлат ягона мақсад атрофида бирлашиб, фидокорона ҳаракат қилса, эришиб бўлмайдиган чўққи йўқ».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.