Ҳокимлар, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолияти бош вазир ўринбосари координацияси остида бирлаштирилади

Ҳокимлар, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолияти бош вазир ўринбосари координацияси остида бирлаштирилади

Ўзбекистонда маҳаллалар фаолияти билан боғлиқ масалаларни бош вазирнинг маҳаллалар билан ишлаш бўйича ўринбосари раислигида ҳар ҳафта ўтказиладиган ягона йиғилишда муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 9 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, президент томонидан яқинда имзоланган фармонга асосан Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозими жорий этилди. Ушбу лавозимга Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев тайинланди. У бунга қадар президентнинг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Ҳокимлар, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолияти бош вазир ўринбосари координацияси остида бирлаштирилади
Ғофуржон Мирзаев.

Унинг зиммасига ҳокимлар, туман ташкилотлари, «маҳалла еттилиги» ва банклар ишини мувофиқлаштириш бўйича ягона тизим яратиш ҳамда улар фойдаланаётган электрон платформаларни ўзаро интеграция қилиш вазифаси юклатилди.

Бундан буён маҳаллалар билан боғлиқ масалалар бўйича «еттилик» фаолиятини мувофиқлаштирувчи раҳбарлар тарқоқ ҳолда йиғилишлар ўтказмаслиги керак. Барча масалалар ҳафтада бир маротаба бош вазир ўринбосари раислигида ҳамда барча масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилади.

Шунингдек, йиғилишда ҳар бир маҳаллада жамоат ҳаётига бефарқ бўлмаган фаол фуқаролар ва нуронийлар борлиги алоҳида таъкидланди. Уларни маҳалла атрофида жипслаштириш ҳамда ижтимоий ва бунёдкорлик ташаббусларига жалб этиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бундай ёндашув боқимондалик кайфияти ва лоқайдликни бартараф этишга, шунингдек, аҳолининг жойлардаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини оширишга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев маҳаллада ишларни тўғри йўлга қўйиш, давлат сиёсатини энг қуйи бўғингача етказиш ва ҳар бир оилани барқарор даромад манбаи билан таъминлаш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 5 сентябрдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозими киритилганди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппаратининг бошқарув ходимлари сони 235 нафар этиб белгиланганди.

2024 йилнинг январидан буён Маҳаллалар уюшмасига Қаҳрамон Қуранбоев раҳбарлик қилиб келаётган эди. Унинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар аввалроқ пайдо бўлган бўлса-да, мазкур кадрлар қарорининг сабаблари ва унинг кейинги иш жойи ҳақида аниқлик киритилмаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.