«Бугунги сиёсатни тушунмайдиган раҳбарлар албатта ишдан кетади» — Мирзиёев

«Бугунги сиёсатни тушунмайдиган раҳбарлар албатта ишдан кетади» — Мирзиёев

Президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда ҳудудий ва республика даражасидаги раҳбарларни камбағалликни қисқартириш ишлари фақат штаб йиғилишлари ва ҳисоботлар билан чекланиб қолмаслиги кераклигидан огоҳлантирди.

Президентнинг айтишича, камбағалликни қисқартириш бўйича янги тизим доирасида барча вилоят ва туманларда махсус штаблар ташкил этилган. Уларнинг ишини йўлга қўйиш учун ҳудудларга республика даражасидаги иқтисодий комплекснинг 28 нафар раҳбари бириктирилган.

Шавкат Мирзиёев Тошкентдан хизмат сафарига юборилган айрим амалдорларнинг ҳокимлик биносида ўтириб, штаб ишини шу ердан назорат қилиш билан чекланаётганини танқид қилди.

«Лекин айрим раҳбарлар ҳалигача жойларда ишни нимадан бошлаш ва ҳар бир оила билан қандай ишлаш кераклигини тушуниб етмаган. Республикадан келган раҳбарлар: „Штабда, ҳокимлик биносида ўтирсам, ҳар бир вазият назоратимда бўлади“, деб ўйлаяпти. Бу мутлақо нотўғри ёндашув», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентдан борган республика идоралари вакиллари маҳаллаларга ўзлари бориб, ҳақиқий вазиятни ўрганиши ва туман ҳокимларига ишни қандай ташкил этиш кераклигини кўрсатиши лозим.

«Яна бир бор огоҳлантирмоқчиман. Агар раҳбар маҳаллага тушмаса, ҳақиқий вазиятни ўз кўзи билан кўрмаса, „маҳалла еттилиги“ ишига ўзи бошчилик қилмаса ва ким нима билан шуғулланиши кераклигини кўрсатмаса, иш юрмайди», — деди президент.

Мирзиёев бу талаб эгаллаб турган лавозими ва қанча вақтдан бери ишлаётганидан қатъи назар, барча раҳбарларга тегишли эканини таъкидлади. «Бугунги сиёсатни тушунмайдиган раҳбарлар албатта ишдан кетади», — деди у.

Президент, шунингдек, ҳокимлар оилаларни эҳтиёжмандлар тоифасидан чиқариш масаласига бошқача ёндашиши кераклигини айтди.

«Ҳокимлар оилаларни эҳтиёжмандлар тоифасидан чиқариш деганда фақат иш ўринлари яратадиган, даромадларни оширадиган лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, инфратузилма ва зарур шароитларни яратишни тушуниши керак», — деди Мирзиёев.

Президент тадбиркорлар билан ишлаш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, ҳатто ҳар бир тадбиркор ойига иккитадан иш ўрни яратса ҳам, умумий ҳисобда бу катта натижа бериши мумкин.

«Тадбиркорга ёрдам бериш, у билан учрашиш керак. Агар битта тадбиркор ойига иккитадан иш ўрни яратса, бу ҳам катта натижа бўлади», — деди президент.

Унинг айтишича, ноябрь ойида мамлакатнинг барча туманларида Жаҳон банки методологияси асосида алоҳида ўрганиш ўтказиш режалаштирилган. Ушбу ўрганиш орқали оилаларнинг ҳолати уларнинг даромад даражасидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади.

«Бу биз учун ўзига хос текширув бўлади: ҳар бир оила даромад даражаси бўйича қайси тоифага кириши аниқ бўлади. Шундан келиб чиқиб, декабрь ойида якунларни сарҳисоб қиламиз ва уч ой давомида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, республикадан ҳудудларга бириктирилган 28 нафар раҳбар қандай ўзгаришларга эриша олганига холис баҳо берамиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев оилани эҳтиёжмандлар тоифасидан чиқариш уни шунчаки ижтимоий реестрдан чиқариш эмас, балки иш билан таъминлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва зарур инфратузилма яратиш орқали оилага барқарор даромад манбаини яратиб беришни англатиши кераклигини таъкидлади.

«Охирги икки-уч кунлик таҳлил шуни кўрсатяптики, чуқур кириб борилса, ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада имконият ҳам, салоҳият ҳам бор», — деди Мирзиёев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.