Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров етакчилигидаги “Fyers American Gambits” 7-турда “Triveni Continental Kings” жамоаси устидан 8:5 ҳисобида ғалаба қозонди.
Синдаровнинг жамоадошлари рақиблари билан дуранг ўйнагани сабабли, умумий ҳисоб 3:3 кўринишига келди. Шундан сўнг, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли гроссмейстери оқ доналарда дунёнинг 11-рақамли шахматчиси, франциялик Алиреза Фирузжани 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба “Fyers American Gambits” жамоасига умумий ҳисобдаги устунликни таъминлади. Ушбу ғалабадан сўнг Синдаров лайв FIDE рапид рейтингида иккинчи поғонага кўтарилди.
Ушбу турнирдаги муваффақиятли иштирок сабабли Жавоҳир Синдаров жами 10,6 рейтинг очкосига эга бўлди. 20 ёшли гроссмейстер айни вақтда 2742,6 очко эвазига бир йўла тўрт поғонага кўтарилиб, рейтингда фақат норвегиялик Магнус Карлсендан (2806,5) ортда қолмоқда.

Амалдаги чемпион “Alpine APL Pipers” 7-турда “CheQ Mumba Masters” жамоасини 11:6 ҳисобида таслим қилди. Жамоа сардори Магнус Карлсен франциялик Максим Ваше-Лагравни мағлуб этди. Бундан ташқари, ҳиндистонлик Аниш Гири ҳамда Володар Мурзиннинг муваффақиятли ўйини ҳам ушбу жамоага 3 очко тақдим этди.
10 сентябрь куни “Fyers American Gambits” 12 очко билан 3-ўринни эгаллаб турган “Ganges Grandmasters” жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, 2026 йилги Global Chess League мусобақасининг умумий мукофот жамғармаси 1 млн долларни ташкил этади. Унинг ярми — 500 минг доллар — жамоанинг якуний ўрнига қараб тақсимланади: чемпион 250 минг, кумуш медал соҳиби 125 минг, учинчи ўриндаги жамоа 75 минг, тўртинчи ўриндаги жамоа 50 минг доллар олади.
Яна 450 минг доллар барча жамоалар ўртасида бутун турнир давомида тўплаган ўйин очколари сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Қўшимча 50 минг долларни лига ғолиби олади. Шу тариқа мукофот пули миқдори нафақат якуний ўринга, балки ҳар бир алоҳида партия натижасига ҳам боғлиқ. Турнир 13 сентябргача давом этади.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.