Асаджон Ходжаев рақамли технологиялар вазирига ўринбосар этиб тайинланди

Асаджон Ходжаев рақамли технологиялар вазирига ўринбосар этиб тайинланди

Асаджон Азатбекович Ходжаев комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат масалалари бўйича рақамли технологиялар вазири ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди. Бу ҳақдаги фармойишни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева имзолади.

Асаджон Ходжаев (1970 йилда туғилган) Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимида роппа-роса беш йил — 2020 йил июлдан агентлик 2025 йил июлда тугатилгунига қадар фаолият юритган.

У 1993 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган. 2004−2011 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) бош директорининг ўринбосари, 2011−2012 йилларда Интеллектуал мулк агентлиги бош директори, 2012−2017 йилларда эса Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори бўлиб ишлаган.

2017 йил мартдан декабрга қадар Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати раҳбари — давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган. 2017−2018 йилларда Биринчи президент Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлган.

2018−2019 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директори лавозимида фаолият юритган.

2019 йил ноябрдан эса Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.