Бобур Бекмуродов: Педофиллар учун ўлим жазоси болаларнинг ўзи учун хавф туғдиради

Бобур Бекмуродов: Педофиллар учун ўлим жазоси болаларнинг ўзи учун хавф туғдиради

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари 29 сентябрь куни болаларга нисбатан зўравонликнинг барча турлари, жумладан, жинсий зўравонлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади. Бу Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик бўйича шов-шувли иш фонида юз бермоқда.

Кун аввалида «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ушбу таклиф бўйича овоз беришдан бетараф қолишини маълум қилди. У икки кун олдин эълон қилган, педофилия ва қасддан одам ўлдириш, айниқса, болаларни ўлдирганлик учун ўлим жазосини қайтариш зарурлиги ҳақидаги фикрини такрорлади.

Депутат 2011 йилда Ослода 77 кишининг ўлимига ва 300 дан ортиқ кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган йирик теракт ташкилотчиси, 21 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган «норвегиялик маҳлуқ» Андерс Брейвикни эслатиб ўтди. «Биз кимлардан ўрнак оляпмиз?» — дея савол берди у ва «агар педофилимиз шароит сўраса, биз ҳам унга шароит яратиб беришга мажбур бўламиз», дея қўшимча қилди.

Болаларнинг ўзи учун хавф


Алишер Қодировнинг фикрича, ўлим жазоси оғир жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

ЎзЛиДеП депутати ва «Юксалиш» ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов Алишер Қодировга эътироз билдирди.

У болаларга нисбатан жиноят содир этганлар учун жазо қатиқ ва муқаррар бўлиши кераклигини таъкидлади: умрбод қамоқ жазоси, авф этилиш имкониятини тўлиқ чиқариб ташлаш ва муддатидан илгари озод қилишни тақиқлаш.

Ўлим жазосини қўллаш эса, биринчидан, Конституцияга зид, иккинчидан, бу болаларнинг ўзи учун хавф туғдириши мумкин.

«Агар болани зўрлаш ўлим билан жазоланса, жиноятчини ягона гувоҳни, яъни боланинг ўзини йўқ қилишдан тўхтатиб турадиган ҳеч нарса қолмайди», — деди у.

«Биз ҳамиша халқаро мажбуриятларимиз ва суд хатоларининг эҳтимоли ҳақида унутмаслигимиз керак», — дея қўшимча қилди Бобур Бекмуродов.

«Болаларни асраш учун асосий кучни бошқа нарсаларга сарфлаш керак. Жинсий жиноятчилар реестрини юритиш ва уларга болалар билан ишлашни умрбод тақиқлаш, мактаб ва маҳаллада хавфни эрта аниқлаш, терговни тез ва муқаррар қилиш, жабрланган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш шулар жумласидан», — дея қайд этди у.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини яшириш


Бир кун аввал ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида болаларга нисбатан тегажоғлик ҳолатларини жиноят эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида нотўғри малакалаш муаммоси ҳақида ҳам сўз борди.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга вояга етмаганларга нисбатан жинсий тегажоғлик бўйича 56 та материал келиб тушган. 2024 йилда бу кўрсаткич 129 тани, 2025 йилда 141 тани ташкил этган. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса шу каби 44 та материал келиб тушди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, айрим ҳолатларда жиноят аломатлари деб қаралиши мумкин бўлган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштирилган.

Уч йил давомида 44 та ҳолатда жиноятлар яширилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида тақдим этилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.