Музокараларда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Сиёсий мулоқот ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, шунингдек, товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди.
Савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика ва электротехника саноати, кимё ва кон-металлургия тармоқлари, шаҳарсозлик ва туризм, қишлоқ хўжалиги, космик тадқиқотлар ҳамда рақамлаштириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Томонлар Ўмон капитали иштирокида ташкил этилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини қисқа муддатларда йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
Мамлакатлар маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, ёшлар форумини ташкил этиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва биргаликда ўрганиш, шунингдек, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш орқали маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ниятида.
Президент ва султон халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш учун мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини яратиш бўйича келишувга эришилди. Ташриф арафасида Масқатда ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилиши ҳамда қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирлар бўлиб ўтди.
Июль ойида икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилганди.
Ташрифнинг биринчи кунида Шавкат Мирзиёев Ўмоннинг йирик бизнес вакиллари билан учрашди. Ўзбекистон — Ўмон ишбилармонлар кенгашини тузиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, икки мамлакат етакчилари бир-бирларини орденлар билан мукофотлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.