Андижон сув омборини лойиҳавий сиғимигача тўлдиришга Қирғизистон билан келишувлар сабаб чеклов қўйилган — вазир

Андижон сув омборини лойиҳавий сиғимигача тўлдиришга Қирғизистон билан келишувлар сабаб чеклов қўйилган — вазир

Ўзбекистоннинг Андижон сув омборида сув тўплаш ҳажми Қирғизистон билан чегара масалаларини тартибга солиш юзасидан эришилган келишувлар асосида чекланган. Бу ҳақда сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да маълум қилди.

Муҳокама давомида депутатлардан бири сув омборларида йиллар давомида лойқа ва чўкиндилар тўпланиши уларнинг фойдали сиғимини камайтириши мумкинлигига эътибор қаратди.

У Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри яқинида жойлашган, қарийб 1,9 миллиард кубометр сув сиғимига эга Андижон сув омборида охирги марта қачон тозалаш ишлари ўтказилгани, навбатдаги ишлар қачонга режалаштирилгани ва унинг амалдаги фойдали сиғими қанча эканини сўради.

Саволга жавобан Шавкат Хамраев сув омборларининг умумий, фойдали ва «ўлик» ҳажми бир-биридан фарқ қилишини тушунтирди. Унинг айтишича, вақт ўтиши билан чўкиндилар тўпланиб, «ўлик» ҳажм ортиши мумкин. Бундай ҳолларда тозалаш ишлари фойдали ҳажмни тиклашга ёрдам беради.

Бироқ вазир Андижон сув омборида бундай ишлар ҳозирча режалаштирилмаганини билдирди.

«Лекин, масалан, Андижон сув омборида бу иш кўзда тутилмаган. Бу ерда унақа иш амалга оширилмайди», — деди у.

Шавкат Хамраев бунга изоҳ берар экан, Андижон сув омборини лойиҳавий ҳажмигача тўлдириш имконияти Қирғизистон билан эришилган келишувлар туфайли чекланганини маълум қилди.

«Андижон сув омборининг ҳажми, тўғри айтдингиз, 1 миллиард 900 миллион кубометрдан ортиқроқ қилиб қурилган. Лекин мана шу чегара масалаларини ҳал қилишда сув сатҳи 905−908 [метр] этиб белгиланган. Чунки у қанча кўтарилса, демак, кўпроқ майдонни эгаллайди», — деди вазир.

Унинг тушунтиришича, сув сатҳи кўтарилган сари сув омбори эгаллайдиган ҳудуд ҳам кенгаяди. Шу сабабли давлатлараро келишувларда сув тўплашнинг юқори чегараси белгиланган.

«1 миллиард 574 миллион кубометр даражагача чеклов қўйилган. Аввалги 1 миллиард 900 миллионга чиқмаймиз. Лекин ҳисоб-китобларимиз бўйича бу сув бизга етарли миқдорда бўлади», — деди Шавкат Хамраев.

Вазир сув омборидаги мавжуд захиралар ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 11 ноябрь ҳолатига Андижон сув омборида 692 миллион кубометр сув тўпланган. Бу аввалги йиллардаги айрим кўрсаткичлардан анча кам.

«Ҳозир ҳам ўтган йилга нисбатан Андижон сув омборида сув камроқ. Лекин биз шунинг учун сув чиқаришни чеклаб, мана бугунги кунда Андижон сув омборида 692 миллион [кубометр] сув бор. Ҳолбуки, 2024 йилда 1 миллиарддан зиёдроқ сув бўлган», — деди у.

Шавкат Хамраевнинг таъкидлашича, сув омборида 1,5 миллиард кубометр атрофида сув тўплаш ҳам мамлакат эҳтиёжлари учун етарли бўлиши мумкин. Бундай захира нафақат келгуси суғориш мавсумини, балки ундан кейинги йилнинг айрим эҳтиёжларини ҳам қоплаш имконини беради.

Вазир Андижон сув омбори нафақат Андижон вилояти ва Фарғона водийси, балки Тошкент вилоятининг Бекобод ҳудуди, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, сув омборида иккита гидроэлектр станция мавжудлигини эслатди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир сув омборида техник ҳолатдан келиб чиқиб алоҳида тадбирлар амалга оширилади. Масалан, Туямўйин сув омборида тўғоннинг фильтрацияга қарши ҳимоясини кучайтириш орқали сув тўплашнинг амалдаги чекланган ҳажмини 6 миллиард кубометрдан 7 миллиард кубометргача ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишув


Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 3 ноябрда Бишкек шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим имзоланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 30 ноябрда ушбу ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолаган. Андижон сув омбори бўйича битимни ратификация қилиш ҳақидаги ЎРҚ — 805-сонли қонун 1 декабрдан кучга кирган.

Келишувларга мувофиқ, Ўзбекистонга Андижон сув омборининг 4957 гектар ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилган. Қирғизистонга эса компенсация сифатида 1019 гектар яйлов ер ажратилган.

Шунингдек, қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун Қирғизистонга «Ғовасой» участкасидан 12 849 гектар ер майдони берилиши келишилган.

Сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимга асосан, Ўзбекистон сув омборидаги сув сатҳини 900 метр горизонтал белгидан юқори бўлмаган даражада сақлаш мажбуриятини олган. Битимда фавқулодда вазиятлар ва форс-мажор ҳолатларида ушбу белгидан ошишга рухсат берилиши ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон, шунингдек, Қирғизистон фуқароларининг сув омборига эркин кириши ва унинг сувидан фойдаланишини — жумладан, ҳайвонларни суғориш, экинларни суғориш ва балиқ овлашни — таъминлаш мажбуриятини олган.

Қирғизистон эса сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш ва улардан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаши керак.

Битим доирасида икки давлат вакилларидан иборат қўшма комиссия тузилган. Ўзбекистон томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш, ундан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва Қирғизистон билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқариш учун масъул ҳисобланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.