У ёш авлодни тарбиялашни «дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб», «билим-маърифат, тарбия ва маданиятни» эса «Янги Ўзбекистоннинг куч-қудрати ва салоҳиятини ошириш, улкан ютуқлар ва олижаноб фазилатларнинг безавол манбаларидан бири» деб атади.
«Мактаб келажак боғи бўлса, муаллим шу масканда умид ниҳолларини ўстирадиган моҳир боғбондир. Ўқитувчи — меҳр дарёси, эзгулик булоғи, маърифат қуёшидир. Шу боис, бу масъулиятли соҳа ходимларининг меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз», — деди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, «бугунги кунда эришаётган, ҳавас қилса арзийдиган натижалар орасида таълим йўналишидаги ютуқлар алоҳида қадрли». Ўн йил олдин мавжуд бўлган кўплаб муаммолар ҳал этилди, олдинга силжишга тўсқинлик қилаётган ғовлар енгиб ўтилди, таълим соҳаси жўшқин ривожланмоқда, ўқитувчилик касби тобора шарафли бўлиб бормоқда, дейилади табрикда.
«Биз келгуси ўн йилни мамлакатимиз учун миллий юксалиш даври сифатида белгилаб, олдимизга янада улкан мақсадлар қўймоқдамиз», — деди давлат раҳбари.
«Фарзандларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси ва ғурур туйғусини кучайтириш, уларни тарихимиз ва маданиятимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган ишларни энди оилада ҳам, маҳалла, мактаб, техникум ва олийгоҳларда ҳам янгича ташкил этамиз. Бунда ҳозирги ғоят мураккаб замон талабларини қатъий ҳисобга олишимиз зарур. „Ёш авлод тарбияси — бутун жамиятнинг муқаддас бурчи, вазифаси“ деган эзгу ғоя ҳар биримизнинг юрагимизда акс садо бериб, кундалик ҳаётимиз мезони, мазмунига айланиши шарт», — дея таъкидлади президент.
У «Ўзбекистон ёшларини „Ватан учун, миллат учун, халқ учун!“ деб яшайдиган авлод сифатида камол топтиришнинг беқиёс аҳамиятини яхши тушунадиган устоз ва мураббийларни бой билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати билан бу жараёнларда фаол иштирок этишига» ишонч билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.