Жиноий гуруҳларни молиялаштириш ва ноқонуний жанглар: Сенат янги жиноий нормаларни маъқуллади

Жиноий гуруҳларни молиялаштириш ва ноқонуний жанглар: Сенат янги жиноий нормаларни маъқуллади

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати 2 октябрдаги мажлисида уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Қонун кучга кириши учун президент имзолаши керак.

Ўзгартишлар Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилмоқда.

Жиноий гуруҳни молиялаштириш алоҳида жиноятга айланади


Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов мажлисда маълум қилишича, амалдаги Жиноят кодексининг 242-моддаси жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш учун жавобгарликни назарда тутади.

Бироқ қонунчиликда бундай гуруҳни молиялаштирганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган эди.

Жиноят кодекси жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарликни белгилайдиган янги 242¹-модда билан тўлдирилмоқда.

Молиялаштиришда иштирок этган шахс ўз вақтида давлат органларига хабар берса ёки оғир оқибатларнинг олдини олиш ва жиноий уюшма мақсадларига эришишига тўсқинлик қилишда бошқа йўл билан фаол ёрдам берса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бунинг учун унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаслиги керак.

Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали жиноий гуруҳ тузилишига кўмаклашганлик ёки у содир этган жиноятларни яширганлик учун ҳам алоҳида жавобгарлик жорий этилади.

Жиноий гуруҳни молиялаштирган ёки унга мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда кўмаклашган шахсларга жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилмайди.

Сенатда таъкидланишича, ўзгартишлар жиноий гуруҳларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва тегишли каналларни ёпишга ҳам қаратилган.

Безорилик учун жавобгарлик кучайтирилади


Қонун безорилик учун жазони ҳам кучайтиради. Безориликни уюшган гуруҳ бўлиб содир этиш, шунингдек, ўзганинг мол-мулкини йўқ қилиш ёки унга ўта кўп миқдорда зарар етказган ҳолда шикастлаш жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида белгиланади.

Бундан ташқари, уюшган гуруҳ таркибида безорилик содир этганлик учун жиноий жавобгарликка жиноят содир этилган вақтда 14 ёшга тўлган шахслар ҳам тортилиши мумкин.

Безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказганлик, шунингдек, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан оғир тан жароҳати етказганлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилади.

Қутбиддин Бурхонов келтирган маълумотларга кўра, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятларни 2024 йилда 119 нафар, 2025 йилда 125 нафар, 2026 йилнинг саккиз ойида эса 78 нафар шахс содир этган. Шу даврда қасддан оғир тан жароҳати етказилиши оқибатида 322 киши ҳалок бўлган.

Сенат вакилининг таъкидлашича, тузатишларни тайёрлашда хорижий давлатлар қонунчилиги ҳам ўрганилган. Айрим ҳолларда жабрланувчининг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳати учун жазо қасддан одам ўлдирганлик учун жавобгарлик билан тенглаштирилади.

Жанговар спорт турлари бўйича ноқонуний мусобақалар


Жиноят кодекси 277¹-модда билан тўлдирилмоқда. Унда жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини ноқонуний ташкил этиш ёки ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланади.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бундай ноқонуний ташкил этилган мусобақаларда иштирок этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 191¹-модда киритилмоқда.

Бундай маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни жиноят ишлари бўйича судлар кўриб чиқади.

Янги жиноятларни ким тергов қилади?


Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишлар янги жиноят таркиблари бўйича терговга тегишлилик масаласини аниқлаштиради.

Янги 242¹-модда бўйича жиноий гуруҳни молиялаштиришга оид ишлар бўйича дастлабки терговни прокуратура органлари терговчилари олиб боради.

Безорилик тўғрисидаги 277-модданинг янги қисмида ҳамда жанговар спорт турлари бўйича ноқонуний мусобақаларга оид 277¹-моддада назарда тутилган жиноятларни ички ишлар органлари терговчилари тергов қилади.

Сенатда қонун уюшган жиноятчиликка қарши курашиш механизмларини кучайтириши, унинг молиявий ресурсларини чеклаши, шунингдек, зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар ва жамоат тартибини бузганлик учун жавобгарликни ошириши кераклиги таъкидланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.