23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий республика Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилди. Бу ҳақда ташқи сиёсат идораси матбуот хизмати хабар берди.
Бунга Эроннинг Арманистондаги элчихонаси томонидан X ижтимоий тармоғида эълон қилинган пост сабаб бўлди. АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ҳақидаги хабарига изоҳ берар экан, Эрон дипломатик ваколатхонаси шаҳарни «форс цивилизацияси ва меъморчилиги»нинг бир қисми сифатида таърифлаган.
Ўзбекистон ТИВ бундай материалларда Самарқанднинг тарихий-маданий мероси бир томонлама талқин қилингани ва ундан сиёсий мақсадларда фойдаланилганини билдирди.
Эрон элчиси билан учрашувда Ўзбекистон томони Самарқанднинг тарихий-маданий қиёфаси ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, давлатчилик анъаналари ва мамлакат маданий тараққиётини акс эттиришини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарлар мероси Ўзбекистоннинг кўп қиррали тарихий-маданий тараққиётининг бир қисми экани қайд этилди.
Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан тегишли нашрларни ўчиришни ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун чоралар кўришни талаб қилди. Вазирлик расмий дипломатик ваколатхоналарнинг ахборот материаллари ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мувофиқ бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, ТИВ Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни қадрлашини, бироқ ўзининг тарихий-маданий меросини талқин қилиш масаласида қатъий позицияга эга эканини билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.