Экология бошқармаси юк машинада олиб кетилаётган кўп йиллик дарахтлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган. Ўрганиш натижасида, ҳудуддаги 26 та эман дарахти белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилаётганлиги маълум бўлди.
“Айни дамда 14 та эман дарахти кўчириб ўтқазилди. Қолган 12 та дарахтни ҳам кўчириш жараёни кетмоқда. Бунда барча агротехник тадбирлар олиб борилмоқда, дарахтлар яшаб кетиши учун зарур ўғитлар, озуқа моддалари билан таъминланмоқда. Бошқа ҳудудга кўчирилган дарахтлар тўлиқ яшаб кетади ва бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилади” , — деди жараёнга масъул Muna Mag корхонаси раҳбари Фаррух Ҳакимов.
Мутахассиснинг таъкидлашича, бу дарахтлар кўчириб ўтқазилганидан кейин 3 йил давомида доимий суғориш, ўғитлаш, илдиз тизимини озиқлантириш, ҳашаротлар ва зараркунандаларга қарши кураш ва бошқа зарурий ишлар амалга оширилади. Кўчирилаётган дарахтлар Тошкент вилоятидаги боғ учун мўлжалланган ҳудудга ўтқазилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.