20 ва 24 ёшли йигитлар телефони орқали етти ойдан буён “Binance” платформасида крипто-актив сотиб келишган. Суд уларга жазо тайинлади.
Иш ҳужжатига кўра, 2024 йил 26 апрель куни ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро 20 ёшли Х.Д. “Binance” платформасида телефонидан фойдаланиб, ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширганлиги аниқланган.
Шунингдек, 20 май куни терговга қадар текширув ишлари олиб борилганда навоийлик 24 ёшли йигитга тегишли телефон ва пластик картадан ҳам крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғулланилганлиги аниқланган.
Суд мажлисида икки йигит юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолат бўйича айбларини тан олиб, 2023 йил октябрь ойидан бошлаб “BINANCE” платформасида ўзининг номига расмийлаштирилган аккaунтидан фойдаланиб, крипто-активлар сотиб келгaнини билдиришган. Улар буни ноқонуний эканлигини билмаганлигини маълум қилиб, енгиллик беришни сўраган.
Суд мазкур йигитларга нисбатан МЖтК 155-4-моддасининг 1-қисмига асосан 20 ёшли йигитга 3сутка, 24 ёшшли йигитга эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Ашёвий далил сифатида олинган “LG Q 6” ва “Samsung Galaxy А 14” телефонлари, 1 дона DVD диск ва банк пластик картаси тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.