«ҲАЖ – 2025» мавсуми қачондан бошланиши эълон қилинди

"ҲАЖ – 2025" мавсуми қачондан бошланиши эълон қилинди

Зиёратчилар Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.

Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йилнинг 13 май кунидан бошланиб, 28 майга қадар ҳар куни Ўзбекистондан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Зиёратчилар Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.

Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.

Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:

– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:

– «Ҳаж – буюк ибодатдир» қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.

Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.