Турнирни муваффақиятли бошлаган ўзбекистонлик шахматчилар гуруҳ босқичида муносиб иштирок этиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Бироқ чорак финалда омад юз ўгирди: Абдусатторов ҳиндистонлик Аржун Эригайсига қарши баҳсда имкониятни бой берди. Синдоров эса америкалик Ҳанс Неманга қарши асосий ва тай-брек ўйинларда дуранг ўйнаган бўлса-да, армагеддон партиясида мағлуб бўлди.
18 июлдан 19 июлга ўтар кечаси шахматчилар 3-ўрин учун мағлублар йўлагида юришини давом эттирди. Ушбу босқичда Абдусатторов америкалик Уэсли Со, Синдоров эса норвегиялик Магнус Карсленга қарши дона сурди.
Абдусатторов ва Со ўртасидаги иккита классик партия дуранг билан якунланди. Тай-брекда эса америкалик шахматчи устун келди. Синдоров ва Карслен баҳсида ҳам дастлабки ўйин дуранг бўлди, бироқ иккинчи партияда дунёнинг биринчи рақамли шахматчиси ҳисобланган Карлсен ғалаба қозонди.
Шу тариқа Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров Freestyle Chess Grand Slam турниридаги юришини якунлади. Улар якуний натижага кўра 9–12-ўринларни эгаллади.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.