Соҳани ривожлантириш «мақсад — ҳаракат — натижа» тамойилига асосланган янги стратегик режалаштириш тизимини талаб қилиши қайд этилди. Шу муносабат билан, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилаш топширилди.
Хусусан, 2026 йилда кимё саноати маҳсулотлари экспортини 720 миллион долларга етказиш режалаштирилмоқда. Қишлоқ хўжалигида кутилаётган ҳосилдорликни таъминлаш учун азотли ўғитлар ишлаб чиқаришни 1,12 миллион тоннага, фосфорли ўғитларни 135 минг тоннага, калийли ўғитларни эса 222 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Тақдимотга кўра, жорий йилда умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 133 та лойиҳа доирасида тармоқ ва ҳудудлар томонидан 2,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Жумладан, 24 та стратегик лойиҳа доирасида 1,3 миллиард долларни ўзлаштириш ва еттита янги ишлаб чиқариш қувватини ишга тушириш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари муддатларнинг асоссиз чўзилаётганини таъкидлади. Масъул шахсларга инвесторлар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни якунлашни тезлаштириш топширилди.
«Аммофос-Максам» корхонаси фаолияти давомида тўпланиб қолган фосфогипс саноат чиқиндиларини қайта ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ресурслардан, жумладан, сулфат кислотаси ишлаб чиқаришда янада самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари, шунингдек, соҳани ривожлантириш учун замонавий илмий-технологик инфратузилмани яратиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда кимё-технология инновацион марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Марказ газ ва кўмир кимёси, чуқур кимёвий таҳлил, сорбентлар, катализаторлар, нано ва композит материаллар соҳасида тадқиқотлар олиб боради ҳамда Марказий Осиёда бу каби профилдаги ягона илмий-тадқиқот институтига айланиши мумкин.
Тақдимотда, шунингдек, эритувчи моддалар, қуруқ циан тузлари, каустик сода, силикон, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, «Фарғонаазот»да аммиак, карбамид ва аммиакли селитра қувватларини модернизация қилиш, «Навоийазот»да ғоваксимон селитра, Тошкент вилоятида маиший кимё воситалари, Биринчи резинотехника заводида янги турдаги шиналар ишлаб чиқариш лойиҳаларининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.
Энергия сарфини, хомашё харажатларини камайтириш ва рақамли ечимларни жорий этиш ҳисобига кимё саноати маҳсулотлари таннархини Ҳисоб палатаси билан биргаликда 10−15 фоизга тушириш бўйича алоҳида вазифа қўйилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.