У бугунги Ўзбекистон бир неча йил олдинги мамлакатдан сезиларли даражада фарқ қилишини таъкидлади.
«Бугун биз мутлақо бошқача Ўзбекистонни кўриб турибмиз. Бу жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак ҳурматга эга бўлган, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари тезкор ва самарали ҳал этилаётган Ўзбекистондир», — деди Алиев.
Озарбайжон раҳбари айнан Ўзбекистонда яратилган иқтисодий база икки мамлакатга қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўтиш имконини берганини урғулади.
«Агар ана шу асос, мазкур салоҳият бўлмаганида, бирорта ҳам қўшма лойиҳани амалга ошириб бўлмас эди. Умуман олганда, Шавкат Миромонович Ўзбекистонга раҳбар бўлгунига қадар мамлакатларимиз ўртасида бирорта ҳам қўшма лойиҳа мавжуд эмасди», — дея қайд этди у.
Алиевнинг сўзларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсади бугунги кунда узоқ истиқбол бўлиб кўринаётгани йўқ.
«Бугун биз бир миллиардлик товар айирбошлаш мақсади ҳақида қандайдир узоқдаги орзу сифатида эмас, балки эҳтимол бир неча йил ичида эришадиган натижа сифатида гапирмоқдамиз», — деди Озарбайжон президенти.
«Бугун Марказий Осиё ва Озарбайжон — улкан салоҳиятга ва айни пайтда ривожланиш учун янада кенгроқ имкониятларга эга ягона геосиёсий ҳамда геоиқтисодий минтақа», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, мазкур «янги шаклланган ва аллақачон етарлича интеграциялашган минтақа»нинг ижобий ривожланиш динамикаси, жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг яқин ҳамкорлигига ҳам боғлиқ.
Озарбайжон президенти икки давлат деярли барча асосий йўналишлар — энергетика, транспорт, инвестициялар, туризм, тоғ-кон саноати, автосаноат, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябрь ойида Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилганди.
«Мен банк соҳасидаги ҳамкорлигимизни, Озарбайжоннинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кириб келаётганини ва SOCAR Ўзбекистон чакана бозорига чиқаётганини айтишни унутиб қўйибман», — деди у.
Озарбайжон президентининг сўзларига кўра, икки мамлакатнинг нефть-газ лойиҳалари ҳам амалий босқичга яқинлашган.
«Нефть ва газ қидируви лойиҳаларига келадиган бўлсак, биз, аслида, якуний босқичдамиз ва кейинги йилда қазиб олиш қудуқларини бурғилашни бошлашга умид қилиб турибмиз. Шундан сўнг бурғилаш ва геология-қидирув ишлари яхши натижалар беради деган умиддамиз», — деди у.
У Ўзбекистон томонидан Фузулийда 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактаб қурилгани ҳамда Хонкендидаги тикувчилик фабрикасига инвестиция киритилганини эслатиб ўтди.
«Агар бунга аллақачон учдан бир қисми лойиҳалар билан таъминланган инвестиция жамғармасини, Озарбайжон туризм инфратузилмасига ва автомобиль саноатига йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини қўшадиган бўлсак, бу аллақачон миллиардлаб инвестицияларни англатади», — деди Алиев.
У сармоялар, одатда, қулай инвестиция муҳитига эга дўст мамлакатларга йўналтирилишини таъкидлади.
«Шавкат Миромоновичнинг катта хизмати шундаки, айнан у ўз ислоҳотлари, қатъияти ва донишмандлиги туфайли халқаро молия институтлари ва глобал иштирокчиларга Ўзбекистонни ўз тараққиётининг муваффақиятли босқичида турган мамлакат сифатида кўриш имконини берган инвестиция муҳитини яратди», — деди Илҳом Алиев.
Баёнот якунида Озарбайжон президенти Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Озарбайжонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.